Ғазонинг шимолий ҳудудларида очарчилик яқин ва бу 2024 йилнинг марти ўрталаридан май ойигача бўлган вақт оралиғида содир бўлиши мумкин, дейилади БМТнинг Озиқ-овқат хавфсизлиги босқичларининг интеграциялашган таснифи (IPC) янги ҳисоботида.

IPC шкаласига кўра, Ғазо шимолида яшовчи аҳолининг 70 фоизи (210 минг киши) яқин ойларда ҳалокатли вазиятга дуч келади (5-босқич), қолган 30 фоизи фавқулодда вазиятда (4-босқич).

Мутахассисларнинг таъкидлашича, анклав шимолида оммавий очликнинг учта чегарасидан иккитаси аллақачон ошиб кетган — уй хўжаликлари учун ўткир озиқ-овқат хавфсизлиги даражаси ва ўткир тўйиб овқатланмаслик даражаси. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, тез орада очлик билан боғлиқ ўлим даражаси ҳам тезлашади.

Ҳисоботда бир неча ой ичида Ғазо шимоли аҳолисини яқинлашиб келаётган очарчиликка олиб келган омиллар сифатида Исроил ҳарбий амалиётларининг шиддатлилиги ва гуманитар ёрдам олишдаги чекловлар келтирилади.

IPC қандай ишлайди?

IPC учун маълумот жойлардаги гуманитар ҳамкорлардан келади ва озиқ-овқат хавфсизлиги, овқатланиш, ўлим, турмуш тарзи масалаларини, шунингдек, тўйиб овқатланмасликни кузатиш учун калория истеъмоли, одамларнинг курашиш стратегияси ва болаларда елка атрофи ўлчовлари бўйича маълумотларни қамраб олади.

Гуманитар ташкилотларга кириш имкони бўлмаган ҳудудларда мобил телефонлар ёрдамида сўровлар қўлланади, агар бунинг ҳам иложи бўлмаса, маълумотни сунъий йўлдошлардан олиш мумкин.

Мутахассислар аҳоли ҳолатининг бешта тоифасини ажратиб кўрсатади: биринчи босқич — овқатланиш ёки унинг йўқлиги билан боғлиқ минимал стресс; иккинчи босқичда одамлар озиқ-овқат топишда қийинчиликларга дуч келади; учинчи босқич — озиқ-овқат инқирози; тўртинчи босқич — фавқулодда вазият; бешинчи босқич ҳалокатли очлик деб ҳисобланади.

Ҳисоботда, шунингдек, Ғазонинг бутун аҳолиси — тахминан 2,3 миллион киши — «ўткир» озиқ-овқат танқислигидан азият чекаётгани ва анклавдаги деярли барча оилалар ҳар куни овқат маҳалини ўтказиб юбораётгани, катталар эса болаларни боқиш учун овқатдан бош тортаётгани айтилади.

«Март ойининг ўрталаридан июль ўрталарига қадар можаронинг кучайиши мумкин бўлган сценарийда, жумладан, Рафаҳдаги қуруқликдан ҳужум уюштирилган ҳолда, Ғазо сектори аҳолисининг ярми (1,11 миллион киши) ҳалокатли шароитларга дуч келади (5-босқич)», — деб таъкидлайди экспертлар.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш IPC баҳосига изоҳ берди. «Ғазодаги фаластинликлар даҳшатли даражада очлик ва азоб-уқубатларни бошдан кечирмоқда. Бу IPC томонидан қайд этилган ҳалокатли очликка дуч келган одамларнинг энг кўп сонидир — ҳар қандай жойда ва исталган вақтда. Бу тўлалигича техноген фалокат ва ҳисобот уни тўхтатиш мумкинлигини аниқ кўрсатиб турибди», — деди у.

БМТ раҳбари, шунингдек, Исроил ҳукуматини бутун Ғазо бўйлаб гуманитар юкларга «тўлиқ ва тўсиқсиз киришни таъминлашга» ва халқаро ҳамжамиятни ташкилотнинг гуманитар саъй-ҳаракатларини «тўлиқ қўллаб-қувватлашга» чақирди.

Куни кеча Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель Исроил Ғазо секторида очарчилик қўзғатаётгани ва очликдан уруш қуроли сифатида фойдаланаётганини айтганди. Исроил ташқи ишлар вазири Исраэль Кац бунга жавобан Боррелни «Исроилга ҳужум қилишни тўхтатишга ва ҲАМАС жиноятларидан ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини тан олишга» чақирди.

Кацнинг қўшимча қилишича, Исроил «ёрдам беришни истаган ҳар бир киши учун Ғазога қуруқлик, ҳаво ва денгиз орқали инсонпарварлик ёрдами етказилишига» рухсат берган.

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам аввалроқ CNN телеканалига берган интервьюсида Исроил ҳукумати Ғазога «қанча керак бўлса, шунча кўп инсонпарварлик ёрдами» киритишга рухсат бераётганини айтганди ва ҲАМАСни талон-торож қилишда айблаган.

  • Март ойи бошида Reuters агентлиги Исроил ва ҲАМАС ўртасида Ғазо секторида сулҳ ва гаровга олинганларни алмашиш бўйича музокаралар боши берк кўчага етганини ёзганди. Агентлик маълумотларига кўра, ҲАМАС жанговар ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш ва Исроил қўшинларини анклав ҳудудидан олиб чиқиб кетишни талаб қилмоқда. Исроил, ўз навбатида, ҲАМАС «тугатилмагунича» можаро тўхтамайди, дея таъкидлайди.