Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Эроннинг Дамашқ (Сурия)даги консуллигига уюштирилган ҳаво ҳужумини кескин қоралашини маълум қилди, бу ҳақда вазирилик матбуот котиби Ахрор Бурханов хабар берди.

«Хорижий давлатларнинг дипломатик ва бошқа ваколатхоналарига ҳужум қилинишини мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳолат ҳамда халқаро дипломатик ҳуқуқ асослари ва тамойилларини энг қўпол равишда бузилиши деб ҳисоблаймиз», — дейилади ТИВ хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Исроил Дамашқдаги Эрон консуллигига ракета ҳужуми уюштирган, оқибатда Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг етти аъзоси, жумладан, икки генерал ҳалок бўлганди. Теҳрон «кескин жавоб» бўлишини ваъда қилган.

Ҳалок бўлганлар орасида ИИҚКнинг юқори мартабали қўмондони Муҳаммад Ризо Зоҳидий ҳам бўлган, у Эрон ташқарисида махсус операциялар ўтказиш учун масъул «Қудс» кучларининг элита бўлинмасига қўмондонлик қилган.

Эроннинг Дамашқдаги элчиси Ҳусайн Акбарийнинг айтишича, Исроилнинг F-35 қирувчи самолётлари томонидан бинога олтита ракета учирилган.