Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун 15 февраль куни қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 29 декабрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2024 йил 19 январда маъқулланган ва бу орқали 5 та қонун ЖСТ битимларига уйғунлаштирилди.

Қонун билан «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида»ги, «Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида»ги, «Реклама тўғрисида»ги, «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги ва «Давлат божи тўғрисида»ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ўзгартириш ва қўшимчалар Жаҳон савдо ташкилотининг (ЖСТ) «Интеллектуал мулк ҳуқуқларининг савдо йўналишлари бўйича битим» (ТРИПС битими) талабларига уйғунлаштирилди.

Жумладан, ЖСТнинг Хизматлар савдоси бўйича бош битими талабларига мувофиқ чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар ва маҳаллий корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божининг миқдори бирхиллаштирилади — БҲМнинг 1 баравари миқдорида. Бунгача хориж капитали иштирокидаги корхоналар учун бож 10 БҲМ миқдорида эди.

Шунингдек, миллий интеллектуал мулк тизимини ЖСТнинг Интеллектуал мулк ҳуқуқининг савдо билан боғлиқ жиҳатлари тўғрисидаги битими талабларига уйғунлаштириш мақсадида:

  • ҳукумат томонидан патент эгасининг рухсатисиз ундан фойдаланишга рухсат бериш мумкин бўлган аниқ ҳолатлар ҳамда уларга товон пули тўланишини белгилаб бериш;
  • ўзга шахсга тегишли саноат мулки объектидан (патентдан) жамоат манфаатлари учун мажбурий лицензия асосида фойдаланиш ҳуқуқини олиш ва бундай фойдаланганлик учун патент эгасига мутаносиб миқдорда товон пулини тўланишига оид алоҳида нормаларни киритиш;
  • патентланган усулдан фойдаланиш жараёнида юзага келадиган низоларда исботлаш мажбуриятини аниқлаштириш;
  • инсофсиз рақобат оқибатида рўйхатга олинган товар белгиларини бекор қилиш бўйича даъво муддатини бекор қилиш;
  • маҳаллий ва хорижий талабнома топширувчиларга интеллектуал мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказишда бир хил имконият яратиш, хусусан, патент божи миқдорларини норезидентлар ва резидентлар учун бирхиллаштириш, шунингдек, мазкур янги ставкаларни жисмоний ва юридик шахслар кесимида белгилаш;
  • ихтиро ва фойдали моделларни давлат рўйхатидан ўтказишда II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга белгиланган патент божининг 90 фоизи, таълим олувчи шахсларга, илмий ва илмий-педагогик ходимларга 30 фоизи, юридик шахс бўлган кичик тадбиркорлик субъектларига, давлат аккредитациясидан ўтган таълим ташкилотларига ва илмий ташкилотларга 25 фоизи миқдорида имтиёзлар бериш;
  • оригинал дори воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш, хусусан, дори воситасини яратиш жараёнида ўтказиладиган тадқиқотлар натижасида олинадиган клиниколди ва клиник синовлар натижаларини ҳимоя қилиш;
  • саноат мулки объектларидан табиий офатлар, ҳалокатлар, эпидемиялар ва бошқа фавқулодда ҳолатларда фойдаланилган ҳолатларда ҳам ҳуқуқ эгасига белгиланган миқдорда товон пули тўланишни кўзда тутувчи қоидалар киритилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2019 йилда мазкур халқаро тузилмага қўшилиш жараёнини қайта бошлаган. Март ойида Женевада ушбу жараён бўйича ишчи гуруҳнинг олтинчи йиғилиши бўлиб ўтганди. Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон уч давлат билан музокараларни деярли якунлаган. Ишчи гуруҳ таркибига жами 47 давлат киради, 31 давлат билан фаол музокаралар олиб борилмоқда.

Шавкат Мирзиёев яқин орада Жаҳон савдо ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиш Ўзбекистон иқтисодиётини либераллаштириш йўлидаги устувор йўналишлардан бири эканини айтганди.

15 ноябрь куни Ўзбекистон президентининг Жаҳон савдо ташкилоти масалалари бўйича махсус вакили Азиз Ўрунов ва Саудия Арабистонининг ЖСТдаги элчиси Сақер Алмоқбел товар ва хизматлар бозорига чиқиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлаш тўғрисида баённома имзолаганди.