Швейцариянинг Женева шаҳрида 14−15 март кунлари Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини тезлаштириш масалалари бўйича ишчи гуруҳнинг 6-йиғилиши бўлиб ўтмоқда, дея хабар қилди Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги.

Хусусан, 2023 йил 14 март куни бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан музокаралар ўтказди.

жст

Учрашув чоғида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини тезлаштириш масалалари, жумладан, жорий йилнинг 14−15 март кунлари ишчи гуруҳнинг 6-йиғилишини ўтказиш имкониятлари муҳокама қилинди. Ўзбекистоннинг Ташкилотга аъзо бўлишини жадаллаштириш мақсадида ЖСТга аъзо барча давлатлар билан товар ва хизматлар бозорларига кириб бориш юзасидан икки томонлама музокараларни фаоллаштириш ва уларнинг якунлари бўйича тегишли баённомаларни имзолаш зарурлиги қайд этилди.

ЖСТ бош директори Ўзбекистон ҳукуматининг республиканинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни доирасидаги саъй-ҳаракатларини, шу жумладан, йирик аъзо давлатлар билан икки томонлама музокаралар олиб бораётганини олқишлади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг фаол ташаббускорлиги туфайли ташкилот билан ҳамкорлик ижобий динамикага эга бўлди.

«Айни пайтда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳининг 6-йиғилиши бўлиб ўтмоқда. 2 кун давомида бўлиб ўтадиган мазкур йиғилишда республика савдо режимининг барча жиҳатларига тааллуқли 10 дан ортиқ янги ҳужжатлар кўриб чиқилади», — дейилади вазирлик хабарида.