Ўзбекистон учта давлат билан мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) кириши бўйича музокараларни амалда якунлади. Бу ҳақда 31 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг ЖСТ билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари Амирбек Муҳамедов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш бўйича ишчи гуруҳи таркибига жами 47 та давлат киради.

«Уларнинг барчаси дастлаб товар ва хизматлар бозорига кириш бўйича музокаралар олиб бориш истагини билдирган. Ҳозирда 31 давлат билан музокаралар олиб борилмоқда. Улардан учта давлат билан музокараларни якунладик ёки якунлаш босқичидамиз, деб айтишимиз мумкин — бу Грузия, биз ҳозир Мўғулистон ва Туркия билан якуний босқичдамиз», — деди у.

Апрель ойи бошида Тошкентда бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Грузия ҳукуматлараро комиссиясининг 9-йиғилишида Грузия ва Ўзбекистон ўртасида ЖСТга қўшилиш доирасида товар ва хизматлар бозорига чиқиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлаш тўғрисида баённома имзоланган эди.

Шу тариқа Грузия Ўзбекистон билан бу борадаги музокараларни якунлаган биринчи давлат бўлди.

Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш ташаббусини 1994 йилда бошлаган, бироқ 2005 йилда бу жараённи тўхтатган. 2020 йилда ташкилотга қўшилиш бўйича ишлар қайта тикланди ва ишчи гуруҳ билан биринчи учрашув ўтказилди. Жорий йилнинг март ойи ўрталарида Женевада Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳининг олтинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Бугунги кунда савдо режими ва мажбуриятлар юзасидан музокаралар олиб борилмоқда, деди Амирбек Муҳамедов. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишининг аниқ санасини айтиш қийин, чунки бу жараён мураккаб ва ташкилотнинг ҳар бир аъзоси билан мувофиқлаштиришни талаб қилади. Масалан, Қозоғистонга 13 йил, Россияга 10 йил керак бўлди, дея таъкидлади ИССВ бошқарма бошлиғи ўринбосари.