Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши доирасида Саудия Арабистони билан товар ва хизматлар бозорига чиқиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлаш тўғрисидаги баённома имзоланди, дея ёзмоқда Kun.uz.

Баённома 15 ноябрь куни ЖСТнинг Женевадаги бош штаб-квартирасида Ўзбекистон президентининг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили Азиз Ўрунов ва Саудия Арабистонининг ЖСТдаги элчиси Сақер Алмоқбел томонидан имзоланди.

Шунингдек, маросимда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, ЖСТ билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия раиси Жамшид Ходжаев ҳам иштирок этгани айтилган.

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳининг еттинчи йиғилишини ўтказиш учун барча фундаментал ҳужжатлар тўплами тайёрланган. Йиғилиш 17 ноябрь куни ўтказилиши ҳақида хабар берилган. Унда Жамшид Ходжаевнинг ЖСТ бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашиши кўзда тутилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев яқин орада Жаҳон савдо ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиш Ўзбекистон иқтисодиётини либераллаштириш йўлидаги устувор йўналишлардан бири эканини айтганди.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2019 йилда мазкур халқаро тузилмага қўшилиш жараёнини қайта бошлаган. Март ойида Женевада ушбу жараён бўйича ишчи гуруҳнинг олтинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон уч давлат билан музокараларни деярли якунлаган. Ишчи гуруҳ таркибига жами 47 давлат киради, 31 давлат билан фаол музокаралар олиб борилмоқда.