Олий Мажлис Сенатининг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди.

Қонун билан «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида»ги, «Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида»ги, «Реклама тўғрисида»ги, «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги ва «Давлат божи тўғрисида»ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қонун билан киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар Жаҳон савдо ташкилотининг (ЖСТ) «Интеллектуал мулк ҳуқуқларининг савдо йўналишлари бўйича Битим» (ТРИПС битими) талабларига уйғунлаштирилмоқда.

Маълумот учун: ТРИПС битими ЖСТнинг асосий ҳужжатларидан бири бўлиб, 1994 йил 15 апрелда Марокашда ўтказилган Уругвай музокаралари якуни бўйича қабул қилиниб, 1995 йил 1 январдан кучга кирган ҳамда ЖСТга аъзо давлатлар томонидан интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза ва ҳимоя қилиш бўйича минимал талабларни белгиловчи битим ҳисобланади. Ҳозирги кунга қадар ушбу битимга ЖСТнинг 164 нафар аъзо давлатларининг барчаси қўшилган.

ТРИПС битими талабларига кўра «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида»ги Қонунда саноат мулки объектлари учун мажбурий лицензия бериш тартиби белгиланаётган бўлиб, унга кўра саноат мулки объектидан патент эгаси фойдаланмаган ёки етарли даражада фойдаланилмаган тақдирда ундан фойдаланишни хоҳловчи шахс патент эгаси билан мақбул тижорат шартлари асосида лицензия шартномасини тузиши, агар патент эгаси шартнома тузишдан бош тортган тақдирда судга мурожаат қилиш тартиби белгиланмоқда.

Мазкур меъёрнинг киритилиши йиллар давомида (3 ёки 4 йилдан буён) саноат ишлаб чиқаришга жорий қилинмаган ихтироларни ёки фойдали моделларни амалиётга жорий қилинишини таъминлашга, янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ва бозорни тўлдиришга хизмат қилади.

Шунингдек, юқоридаги қонунга киритилаётган қўшимчалар асосида, агар патентни ҳуқуқ эгасининг рухсатисиз мамлакатдаги фавқулодда вазиятларда ёки бошқа охирги зарурат ҳолатларида фойдаланган тақдирда ҳам давлат ҳуқуқ эгасига мутаносиб товон тўлашни таъминлаши кераклиги белгиланмоқда.

Бунда патент эгасини қисқа муддатда хабардор қилган ва кейинчалик унга товон пулини Вазирлар Маҳкамаси томонидан Товон миқдорини аниқлаш тартибига мувофиқ тўлаш белгиланмоқда.

«Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритилаётган бўлиб, ушбу қонун ҳам ЖСТнинг ТРИПС битими моддасида қайд этилган Саноат мулкини муҳофаза қилиш бўйича Париж конвенциясига мувофиқлаштирилмоқда.

Бундан ташқари, «Реклама тўғрисида»ги миллий қонун Жаҳон савдо ташкилотининг Хизматлар савдоси бўйича бош битимида назарда тутилган меъёрлар билан ўзаро мувофиқлаштирилиб, эркин рақобат муҳитини яратилиши таъминланган.

Хусусан, қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга асосан чет элда ишлаб чиқарилган пивони, табиий ва кўпикланадиган виноларни реклама қилиш юзасидан чеклов бекор қилиниб, бу билан бозорда рақобат муҳитини юзага келишига замин яратилмоқда.

Жаҳон савдо ташкилотининг ТРИПС битимининг 39-моддасида маълум бир дори воситасини яратиш жараёнида ўтказиладиган тадқиқотлар натижасида олинадиган клиник олди ва клиник синовлар натижалари ҳимоя қилинишини ҳамда ноҳалол рақобат шаклида фойдаланилмаслигини таъминлаш назарда тутилганлиги инобатга олиниб, «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Қонунга ушбу талабдан келиб чиқилиб қўшимча меъёрлар киритилмоқда.

Унга кўра фармацевтика соҳасига клиник тадқиқотлардан олдинги ва клиник тадқиқотлар натижалари бўйича олинган маълумотларни самарали ҳимоя қилиш механизмини жорий қилиш орқали оригинал дори воситалар ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқи ҳимоя қилинмоқда. Бу ўз навбатида хорижий давлатларнинг йирик фарм компаниялари томонидан Ўзбекистонда оригинал дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш сони ошишига ижобий таъсир қилиши қайд этилди.

Шунингдек, ЖСТнинг хизматлар савдоси бўйича бош битими талабларига мувофиқ, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказганлик учун ўрнатилган давлат божи миқдорини Ўзбекистон Республикаси резидентлари таъсисчилигида ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказганлик учун белгиланган давлат божи миқдори билан бир хил этиб белгилаш зарурлигини инобатга олиб, «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Унга кўра патент божи тўловчилари сифатида кўрсатилган резидент ва норезидент мос равишда жисмоний ва юридик шахс деб ўзгартирилмоқда.

Шунингдек, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божи ставкаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 1 баробарга туширилмоқда. Бу ўз навбатида хорижий инвестицияли ҳамда маҳаллий корхоналарга бир хилда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни таъминлаши таъкидланди.

Қонунда ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналарини ҳуқуқий муҳофаза қилиш учун патент беришга, расмий экспертиза ўтказишга ва маълумотларни эълон қилишга талабнома бериш учун давлат божлари миқдорлари ЖСТ ТРИПС битими талабларига уйғунлаштирилмоқда.

Яъни, ЖСТ талабига кўра ҳар бир аъзо бошқа аъзоларнинг фуқароларига интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш бўйича ўз фуқароларига тақдим этганидан кам бўлмаган қулай режимни тақдим этиши кўзда тутилган меъёрлари қонунда инобатга олинмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2019 йилда мазкур халқаро тузилмага қўшилиш жараёнини қайта бошлаган. Март ойида Женевада ушбу жараён бўйича ишчи гуруҳнинг олтинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон уч давлат билан музокараларни деярли якунлаган. Ишчи гуруҳ таркибига жами 47 давлат киради, 31 давлат билан фаол музокаралар олиб борилмоқда.

Шавкат Мирзиёев яқин орада Жаҳон савдо ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиш Ўзбекистон иқтисодиётини либераллаштириш йўлидаги устувор йўналишлардан бири эканини айтганди.

15 ноябрь куни Ўзбекистон президентининг Жаҳон савдо ташкилоти масалалари бўйича махсус вакили Азиз Ўрунов ва Саудия Арабистонининг ЖСТдаги элчиси Сақер Алмоқбел товар ва хизматлар бозорига чиқиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлаш тўғрисида баённома имзолаганди.