Ўзбекистон Буюк Британиянинг The Economist Intelligence Unit (EIU) тадқиқот ташкилоти томонидан ҳар йили тузиладиган «Демократия индекси»да (Democracy Index 2023) 167 мамлакат ичида 148-ўринни эгаллади. Бу ўринда Хитой ҳам жойлашган.

EIU 2006 йилдан бери «Демократия индекси»ни эълон қилиб келади. Давлатларга бешта тоифа бўйича балл берилади, сўнг баллар асосида ҳар бири тузум тури бўйича таснифланади: тўла демократия, номукаммал демократия, гибрид тузум ва автократия.

Тадқиқотчилар Ўзбекистонни ҳали ҳамон авторитар тузумга эга давлатлар қаторига жойлаштирмоқда ва мамлакатдаги демократия билан боғлиқ вазиятни 10 баллдан 2,12 балл сифатида баҳоламоқда. Бунда тоифаларга қуйидагича балл берилган:

  • сайлов жараёни сифати ва плюрализм — 0,08 балл;
  • ҳукумат фаолияти — 1,86 балл;
  • сиёсий иштирок — 2,78 балл;
  • сиёсий маданият — 5 балл;
  • фуқаролик эркинликлари — 0,88 балл.

Ўзбекистонда 2020, 2021 ва 2022 йилларда ҳам худди шундай кўсаткичлар бўлган.

EIU ҳисоботида таъкидланишича, «авторитар» Марказий Осиё ўтган йил давомида «бирозгина ўсишга эришган».

Тожикистон 155-ўринда, Туркманистон эса рейтинг якунига яқинроқ — 162-ўринда. Қирғизистон ва Қозоғистон етти поғона юқорилаб, мос равишда 109 ва 120-ўринларга жойлашди.

«Қозоғистон ва Ўзбекистондаги сиёсий ислоҳот жараёнлари 2023 йилда кам натижа берди. Йил давомида конституциявий ислоҳотлар бўйича референдумлар, парламент ва президентлик сайловлари ўтказилди. Қозоғистонда бир қанча янги партиялар пайдо бўлди, аммо уларнинг ҳукуматдан мустақиллиги шубҳали; сайловлар эркин ва адолатли эмаслигича қолмоқда», — дейилади ҳисоботда.

Тадқиқотчиларга кўра, Ўзбекистон демократиянинг кўп соҳаларида, жумладан, сиёсий иштирокда Қозоғистондан «ортда қолмоқда» ва ҳар икки давлат ҳам «авторитар лагерга мустаҳкам ўрнашиб олган».

Қирғизистондаги вазиятни шарҳлар экан, экспертлар президент Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев тандеми мамлакатнинг «машаққатли демократик ютуқлари» ҳисобига ҳокимиятни мустаҳкамлашга ҳаракат қилганини таъкидламоқда. «Улар давлат хавфсизлик аппаратига сармоя киритди, бир вақтлар кучли бўлган парламент тизимини иерархик президентлик тизимига алмаштирди ва норозиликни бостирди», — дейилади ҳисоботда.

Собиқ СССР

Мамлакат
Жаҳон рейтинги
Тузум тури
Арманистон
84
Гибрид
Озарбайжон
130
Авторитар
Беларусь
151
Авторитар
Грузия
89Гибрид
Қозоғистон
120Авторитар
Қирғизистон
109Авторитар
Молдова
68Номукаммал демократия
Россия
144Авторитар
Тожикистон
155Авторитар
Туркманистон
162Авторитар
Ўзбекистон
148Авторитар
Украина
91Гибрид

Дунёда

Норвегия бир неча йилдан бери «Демократия индекси»да етакчилик қилмоқда. Кучли ўнликдан, шунингдек, Янги Зеландия, Исландия, Швеция, Финляндия, Дания, Ирландия, Швейцария, Нидерландия ва Тайван жойлашган.

Рейтингни Сурия, Марказий Африка Республикаси, Шимолий Корея, Мьянма ва Афғонистон якунлаб берган.

Дунёда умумий демократия даражаси ўтган йили 5,23 пунктгача тушган (2022 йилда 5,29 эди). Бу сўнгги йиллардаги регрессия ва турғунликнинг умумий тенденциясига мос келади ва индекс эълон қилина бошлаганидан бери энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

Рейтинг муаллифлари 2023 йилда 24 та давлатни тўлақонли демократик давлатлар қаторига киритган — уларда дунё аҳолисининг 7,8 фоизи истиқомат қилади; 50 та давлат (37,6 фоиз) номукаммал; 34 давлат (15,2 фоиз) гибрид тузум; 59 мамлакат (39,4 фоиз) автократия сифатида таснифланган.