Британиянинг The Economist Intelligence Unit тадқиқот ташкилоти томонидан тузилган «Демократия индекси» (Democracy Index 2021) рейтингида Ўзбекистон 150-ўринни эгаллади. Рейтингга 165 давлат, шу жумладан, Гонконг ва Фаластин автономияси ҳам кирди.

Рейтинг ташкилотчиларининг фикрича, Ўзбекистонда демократия билан боғлиқ вазият ўтган йилги билан солиштирганда ўзгармаган — мамлакат яна 2,12 балл тўплаб, «авторитар режим»даги давлатлар гуруҳи орасида қолди. Экспертлар сайлов жараёни сифати ва плюрализмга 10 баллдан 0,08 балл, ҳукумат фаолиятига — 1,86 балл, сиёсий иштирокка - 2,78 балл, сиёсий маданиятга — 5 балл, фуқаролар эркинлигига — 0,88 балл баҳо берди. Ўзбекистон 2020 йилда ҳам худди шундай кўрсаткичларга эга бўлган, бироқ ўшанда мамлакат умумий рўйхатда бир неча поғонага кўтарилган эди.

Шарқий Европа минтақасида (28 та давлатни ўз ичига олади) Ўзбекистон аввалги йилдагидек 26-ўринда қолди. Ундан пастда ҳозирча фақат Тожикистон (дунёда 157-ўрин) ва Туркманистон (162) жой олган. Қозоғистон яна 23-ўринни (глобал рейтингда 128-ўрин), Қирғизистон эса 21-ўринни (115-ўрин) эгаллади.

Бир неча йиллардан буён «гибрид режим»да деб ҳисобланган Қирғизистон бу йил «авторитар» давлатлар гуруҳига кирди. Рейтинг тузувчиларнинг фикрича, бунга мамлакат парламент бошқарувидан президентлик бошқаруви тизимига ўтиши сабаб бўлган. Натижада Қирғизистон президенти Садир Жапаров қонун чиқарувчи ва суд органларига нисбатан катта ваколатлар ва таъсирга эга бўлди, деган фикрда экспертлар.

Умуман олганда, минтақада ҳалигача «тўлиқ демократлашган» давлат мавжуд эмас: 28 давлатдан 16 таси «номукаммал демократия» (Европа Иттифоқининг шарқий аъзо давлатлари ва ғарбий Болқоннинг кўп қисми), 4 таси — «гибрид режимлар» (Арманистон, Босния ва Герцеговина, Грузия ва Украина) ҳамда 8 таси — «авторитар режимлар» (Озарбайжон, Беларусия, Россия ва Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари) гуруҳида қолмоқда.

«Минтақадаги аксарият мамлакатларда пасайиш кузатилган ва ҳеч бир давлатда яхшиланиш қайд этилмаган. 2021 йилда жамоатчилик норозилиги кучайди ва бунга мамлакатлар режимлари репрессив сиёсат билан жавоб қайтарди. Бу нодемократик амалиётларнинг кучайишига ва ҳар қандай шаклдаги норозиликнинг бостирилишига олиб келди», — дейилади ҳисоботда.

Дунёда

Норвегия бир неча йил кетма-кет 9,75 балл тўплаган ҳолда рейтингда биринчи ўринни эгаллаб келмоқда. Кучли бешликка Янги Зеландия (9,37), Финляндия (9,27), Швеция (9,26) ва Исландия (9,18) кирди. Кучли ўнликка, шунингдек, Дания (9,09), Ирландия (9), Тайван (8,99), Австралия ва Швейсария (8,90 балл) кирган.

Рейтингни Шимолий Корея 1,08 балл (165-ўрин), Мянма 1,02 балл (166) ва атиги 0,32 балл (167) тўплаган Афғонистон якунлади.

2021 йилда дунёда демократиянинг умумий даражаси 5,28 баллга тушди (2020 йилда — 5,37 балл) — рейтинг биринчи марта нашр этилган 2006 йилдан бери яна бир антирекорд қайд этилди. Коронавирус пандемияси давлат ҳокимиятининг одамлар ҳаёти устидан улкан кенгайишига ва шахс эркинликларининг ёмонлашишига олиб келди, дея таъкидланган ҳисоботда.

Бугунги кунда дунё аҳолисининг ярмидан камроғи (45,7%) демократиянинг қайсидир кўринишида яшайди, бу 2020 йилдаги 49,4 фоиздан сезиларли даражада пасайиш бўлди. Бундан ҳам камроқ қисми (6,4%) «тўлиқ демократия»да яшайди (ўтган йили 6,8% бўлган). Дунё аҳолисининг 1/3 қисмидан ортиғи (37,1 фоиз) авторитар бошқарув остида истиқомат қилмоқда.