6 май куни «Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди. Бекор қилинаётган 493 та қарор орасида 1992 йил 24 июлда қабул қилинган «Тошкент аэропортини кўчириш ҳақида»ги ҳужжат ҳам мавжуд.

Ўша пайтда бу қарорни Вазирлар Маҳкамаси раиси (Ислом Каримов)нинг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков имзолаган.

Қарорда Тошкент шаҳрида қулай экологик вазият яратиш, республика ташқи иқтисодий фаолияти кенгаяётган шароитда авиацияда ташишнинг ўсиб бораётган ҳажмини тўлароқ қондириш мақсад қилингани ҳақида сўз боради.

Ҳужжатга кўра, Тошкент аэропортининг янги манзили сифатида пойтахтдан 45 километр жануби-ғарбда ва Чиноз шаҳридан 12 километр шимолда жойлашган ер участкаси танланган.

Тошкент вилояти ҳокимлиги уч ой муддат ичида (1992 йил октябрь) Қозоғистоннинг Чимкент вилояти раҳбарияти билан аэропорт комплексининг бир қисмини Қозоғистон ҳудудида жойлаштириш масаласини ишлаб чиқиш, музокаралар натижаси бўйича «Янги» аэропорти қурилиши учун ер участкаси ажратиш ва аниқланган ер участкаси ҳамда унга туташ ҳудуд чегарасида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси билан келишмасдан ҳар қандай қурилиш ишлари олиб боришни тақиқлаш таъкидланган.

Шунингдек, 1993 йил 1 октябргача «Тошкент» аэропортини шаҳар ташқарисига кўчиришнинг техник-иқтисодий асосланишини ишлаб чиқиш топширилган.

«Газета.uz» 2020 йил февраль ойида Uzbekistan Airports`нинг ўша вақтдаги раиси Ровшан Исмаилов Тошкент аэропорти йил охиригача реконструкция қилиниши режалаштирилгани ҳақида хабар берганини ёзганди. Унда 10 йил ичида аэропорт шаҳар чегарасидан 30 км узоқликка кўчирилиши, халқаро аэропортни Тошкентдан 30−35 км узоқликда Ангрен ёки Чиноз томон кўчириш режалаштирилгани келтирилган.

2022 йил июнь ойида эса Uzbekistan Airports`нинг собиқ раҳбари Раъно Жўраева шаҳардан 30 км узоқликда янги Тошкент аэропортини қуриш ва уни халқаро хаб сифатида ривожлантиришни таклиф қилгани, президент ва ҳукумат бунинг мақсадга мувофиқлигини муҳокама қилаётгани ҳақида хабар берилганди. Жўраева янги учиш-қўниш йўлакларини қуришнинг имкони йўқлиги сабабли ҳаво бандаргоҳининг ҳозирги қувватлари узоғи билан 2027 йилгача етишини таъкидлаган.