Ўзбекистонликлар яна Жанубий Кореяга мавсумий ишларга жалб қилинади. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Сеулда ўтган учрашувда раҳбар Беҳзод Мусаев Корея адлия вазири Пак Сон Же билан келишувга эришгани ҳақида хабар берди.

2021 йилда Корея Ўзбекистон фуқароларини мавсумий ишларга қайта жалб қилишни бошлаганди, бироқ борганларнинг кўпчилиги меҳнат шартномаларини бузган ва белгиланган муддатда ўз ватанига қайтмаган, шу сабабли Корея ҳукумати Ўзбекистон фуқароларини E-виза (мавсумий ишчилар учун) орқали ишга қабул қилишни тўхтатган, дея вазирлик «Газета.uz»га аниқлик киритди.

Бандлик вазирлиги музокаралар қийин кечганини, бироқ тизим раҳбари Беҳзод Мусаев бу тартибни қайта тиклашга эришганини қайд этди. Корея Адлия вазирлиги агар Ўзбекистондан келган ишчилар меҳнат қонунчилигини бузмаса, ноқонуний фаолият билан шуғулланмаса ва иш жойини сабабсиз тарк этмаса, Корея томони «ватандошларимиз учун ҳар қандай турдаги энг юқори даражадаги меҳнат визасини очишга тайёрлигини» таъкидлади.

Йиғилиш натижаларига кўра, ўзбекистонликлар Кореяда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мавсумий ишларда меҳнат қилиши мумкин. «Хусусан, қишлоқ хўжалиги, агротехнологиялар бўйича ишлаб, малакасини оширади, бу орқали айни йўналишдаги билим ва кўникмаларини бойитиб, юртимизга катта тажриба билан қайтиши мумкин», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, профессионал касб-ҳунарга эга бўлган ўғил-қизларнинг ҳам Кореяда ишлаш имкониятлари пайдо бўлмоқда.

Айтиш керакки, ушбу йўналишда, яъни маълум бир касб-ҳунарга эга бўлган, қўлида дипломи бор мутахассислар кўп. Эндиликда улар ҳам ўз соҳасидан келиб чиқиб Кореяда фаолият олиб бориши йўлга қўйилади. Айни йўналишда Адлия вазирлиги билан келишувга эришилди. Учрашувда ўзбекистонликларнинг намунали фаолият олиб бориши, Корея давлати қонунларини ҳурмат қилиши икки давлат ҳамкорлик муносабатларининг янада тараққий этишига хизмат қилиши қайд этилди.

Аввалроқ вазир Беҳзод Мусаев Корея Автомобилсаноат ассоциацияси раиси Квак Йонг Чол билан учрашиб, Ўзбекистон фуқароларини Жанубий Корея автомобиль заводларида ишга жойлаштириш имкониятларини муҳокама қилганди. Бугунги кунда Жанубий Кореядаги 6800 автомобиль корхонасида 48 минг киши меҳнат қилмоқда. Бироқ автосаноатда яна йилига 3000 нафар ходимга талаб бор.

Ўшанда томонлар автомобилларга техник хизмат кўрсатиш йўналишида ишлаш истагидаги ўзбекистонликларни қисқа фурсатларда лойиҳага қамраб олишга келишиб олгани хабар қилинганди.

Аввалроқ ўзбекистонликлар учун Жанубий Кореядаги ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва қурилиш соҳасида 37,4 мингта иш ўрни учун танлов ўтказилиши ҳақида ёзган эдик. Таклиф этилаётган соҳаларда ойлик маош ўртача 2000−2500 минг АҚШ долларини ташкил этиши маълум қилинган.