Ўзбекистонда кўмир қазиб олиш ҳажмини 2024 йилда 8 млн тоннага, 2025 йилда эса 10 млн тоннага етказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.

13 май куни президент ҳузурида кўмир қазиб чиқаришни ошириш режалари бўйича тақдимот бўлиб ўтди. Қайд этилишича, мамлакатда кўмир захиралари қарийб 2 млрд тоннани ташкил этади. Кўмир қазиб олиш ҳажми 2016 йилда йилига 4 млн тоннадан кам бўлган бўлса, 2023 йилда 6 млн 550 минг тоннага етган (аввалроқ президент ҳузуридаги Статистика агентлиги 2023 йилда мамлакатда кўмир қазиб олиш ҳажми 6,19 млн тоннага етганини қайд этганди).

2023 йилда қазиб олинган кўмирнинг 369 минг тоннаси тадбиркорлар томонидан қазиб чиқарилган. Тақдимотда президентга соҳадаги режалар ҳақида ҳам ахборот берилди.

«2024 йил кўмир қазиб чиқариш 8 млн тоннага етказилади. Шундан 900 минг тоннаси тадбиркорлар томонидан олинади. „Шарғункўмир“ акциядорлик жамиятида йилига 500 минг тонна кўмирни бойитиш ускунаси ишга туширилади. Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидаги тўртта майдонда геология ишлари олиб борилмоқда ва келгуси йилда қазиб чиқаришга йўналтирилади», — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, 2025 йилда кўмир қазиб чиқариш ҳажмини 10 млн тоннага етказиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги йилларда Ўзбекистонда газни тежаш мақсадида иссиқхоналар, цемент ва ғишт заводлари, болалар боғчалари, мактаб ва шифохоналарнинг бир қисми кўмир ёқилғисига ўтказилмоқда.

Атроф-муҳитга таъсири

Январь ойида Экология вазирлиги Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланишининг асосий омилларидан бири сифатида ИЭСларда кўмир ва мазутдан фойдаланиш кабиларни санаганди.

Иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг энергия ресурсларига бўлган талаби ортиши натижасида углеводородлардан, жумладан, кўмир ёқилғисидан фойдаланиш ҳажми ортмоқда. Хусусан, 2019 йилда 3,9 млн тонна кўмир ёқилғисидан фойдаланилган бўлса, 2022 йилда бу рақам 5,3 млн тоннага, 2023 йил якунига кўра эса 6,7 млн тоннага етган, дейилади баёнотда.

«Кўмир ёқилғисини қазиб олиш, ташишдан то фойдаланишгача бўлган жараёнда ажралиб чиқувчи ифлослантирувчи моддалар эса атроф-муҳит, жумладан, атмосфера ҳавоси, тупроқ ва сув ресурсларининг ифлосланишига олиб келмоқда», — дея қайд этди вазирлик. Таъкидланишича, 10 тонна кўмир ёқилганда атмосферага 220 кг куйик, 360 кг олтингугурт оксиди II, 64 кг углерод оксиди, 16 кг азот оксиди II ва 2 тонна кул чиқади.

Вазирлик Тошкент вилоятининг Тошкент шаҳрига туташ туманларида саноат мақсадларида кўмир ёқилғисидан фойдаланишни тақиқлашни таклиф қилди.

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов яқинда берган интервьюсида иссиқхоналарни кўмир ёқилғисига оммавий равишда ўтказиш Париж иқлим келишувига зид эканини айтган. «Майли, газ йўқ, бошқа чора йўқ, лекин аввал нархидан қатъи назар, фильтрлар ўрнатиш, уларни текшириш, кейин кўмирга ўтиш керак эди», — деди мутахассис.