2024 йилда Samarkand Marathon халқаро хайрия югуриш мусобақалари туркумига 5 йил тўлади. Бу йилги биринчи тадбир Zaamin Ultra 2024 халқаро ультрамарафони бўлади, дея хабар қилди ташкилотчи Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати.

Zaamin Ultra 2024 марафони 1−2 июнь кунлари Жиззах вилоятидаги Зомин миллий табиат боғида бўлиб ўтади. Югуриш йўлаги денгиз сатҳидан 2200−2500 метр баландликда жойлашган бўлиб, бу олтита Тошкент телеминорасига тенг.

«Бу йил биз Samarkand Marathon туркумига мансуб халқаро хайрия югуриш мусобақаларининг беш йиллигини нишонлаймиз. Унга асос солинганидан буён ўз тадбирларимизни Ўзбекистонда бутун дунёдан ташриф буюрувчи иштирокчиларни бирлаштирувчи спорт, маданият ва санъатга бағишланган шодиёна сифатида тарғиб этамиз. Тадбирларни янада кенг миқёсли ва қизиқарлироқ уюштиришга, иштирокчиларнинг янги қатлами, шу жумладан, республиканинг барча ҳудудларидаги ёшларни жалб этиш устида мунтазам равишда ишлаб келмоқдамиз», — деди Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова.

Фестиваль иштирокчилари ва меҳмонлари тадбирдан қуйидагиларни кутишлари мумкин:

  • Зомин миллий боғининг тоғли йўлаги ва манзаралари;
  • бутун оила аъзолари учун қўнгилочар тадбирлар: қояга кўтарилиш, Суффа платосига қараган манзарада ҳаво шарида сайр;
  • пойга арафасидаги оқшомда электрон мусиқа концерти.

Бу йил барча хайрия югуриш мусобақалари учун анъанага айланувчи янги экологик плоггинг (югуриш асносида чиқиндиларни тўплаш) ташаббуси жорий этилади. Иштирокчилар икки кунлик фестивални биргаликда югуриш ва чиқиндилардан тозалаш ҳашари билан якунлайди. Мазкур ташаббус табиат боғини ягона мақсад сари бирлашиш ва табиат боғини унинг асл қиёфасида сақлашга хизмат қилади.

Югуриш масофалари:

50К — ушбу йўлакда кўз ўнгингизда бутун тоғ тизмаси, жумладан, Туркистон ва Молгузар намоён бўлади. Югуриш йўлагининг энг баланд нуқтаси денгиз сатҳидан 2500 метрни ташкил этади. Баландликка кўтарилиш — 1535 метр.

21К — ярим марафончилар жами 635 метр баландлик тафовути билан ўзларини 21 километрлик масофада синаб кўришлари мумкин. Югуриш йўлагида иштирокчилар барча уч ирмоқ — Катташир, Қизилмозор ва Обикўл бўйлаб югуради.

10К — иштирокчилар Қизилмозор тоғ сойи ва Чўртанги дараси ёнбағри манзараси намоён бўладиган кузатув майдончасигача югуриб боради. Баландликка кўтарилиш — 370 метр.

 — ушбу қисқа масофа тоғ пойгалари билан танишишни эндигина бошлаган ҳаваскор чопқирлар учун мўлжалланган. Югуриш йўлаги старт шаҳарчаси ва Катташир тоғ сойининг кафтдек кўринишини очиб беради.

1 июнь куни пойга арафасида очиқ осмон остидаги саҳнада электрон мусиқа концерти бўлиб ўтади, унда маҳаллий дижейлар, шунингдек, Qaraqoom лойиҳаси чиқиш қилади. Улар Ўрта Осиё халқларига хос оҳанглар ва замонавий электрон мусиқани ўз асарларида бирлаштирган ижодкорлардир.

Марафон учун рўйхатдан ўтиш — бу ерда.