Британиянинг The Economist Intelligance Unit тадқиқот ташкилоти томонидан ҳар йили тузиладиган Democracy Index 2022 рейтингида Ўзбекистон 167 мамлакат ичида 149-ўринни эгаллади. 2021 йилда бу мамлакат рейтингда 150-поғонани эгаллаб турганди.

Рейтинг ташкилотчилари Ўзбекистондаги демократия билан боғлиқ вазиятни 2,12 баллга баҳолаб, мамлакатни «авторитар режим»га эга давлатлар гуруҳига киритган.

Демократия беш тоифада баҳоланди:

  • сайлов жараёнининг сифати ва плюрализм — 10 баллдан 0,08 балл;
  • ҳукумат фаолияти — 1,86 балл;
  • сиёсий иштирок — 2,78 балл;
  • сиёсий маданият — 5 балл;
  • фуқаролик эркинликлари — 0,88 балл.

Ўзбекистонда 2021 ва 2020 йилларда ҳам худди шундай кўрсаткичлар қайд этилганди.

Шарқий Европа минтақавий рейтингида Ўзбекистон 28 мамлакат орасида 25-ўринда. Рейтингни Беларус, Тожикистон ва Туркманистон якунламоқда. «Минтақада ҳалигача „тўлиқ демократия“ мавжуд эмас: 28 мамлакатдан 16 таси „мукаммал демократия“ (Европа Иттифоқининг шарқий аъзо давлатлари ва ғарбий Болқон), тўртта „гибрид режим“ (Арманистон, Босния ва Герцеговина, Грузия ва Украина) ва саккизта „авторитар режим“ (Озарбайжон, Беларус, Россия ва Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари)», дейилади ҳисоботда.

МДҲ давлатлари


Умумий балл

Дунё рейтинги

Минтақавий рейтинг

Озарбайжон

2,87

134

23

Арманистон

5,63

82

17

Беларусь

1,99

153

26

Қозоғистон

3,08

127=

22

Қирғизистон

3,62

116

21

Молдова

6,23

69

15

Россия

2,28

146

24

Тожикистон

1,94

156=

27

Туркманистон

1,66

161

28

Ўзбекистон

2,12

149

25

Рейтингда биринчиликни бир неча йиллардан бери кетма-кет Норвегия бошқариб келмоқда (9,81 балл). Кучли бешликдан, шунингдек, Янги Зеландия (9,61), Исландия (9,52), Швеция (9,39) ва Финляндия (9,29) кирди. Рейтингни Шимолий Корея (1,08), Мьянма (0,74) ва Афғонистон (0,32) якунлади.

Рейтинг муаллифлари 2022 йилда дунё аҳолисининг 8 фоизи яшайдиган 24 давлатни тўлақонли демократик давлатлар қаторига киритди. Номукаммал демократик давлатлар қаторига 48 та мамлакат киритилган бўлиб, уларда сайёра аҳолисининг 37,3 фоизи яшайди; гибрид режимдаги 36 мамлакатда жаҳон аҳолисининг 17,9 фоизи, авторитарлар қаторига киритилган 59 мамлакатда эса дунё аҳолисининг 36,9 фоизи яшайди.