Буюк Британиянинг The Economist Intelligence Unit тадқиқот ташкилоти томонидан тузилган Демократия индексида (Democracy Index 2020) Ўзбекистон 155-ўринни эгаллади. Рейтингга жами 165 мамлакат, шунингдек, Гонконг ва Фаластин маъмурияти киритилган.

2020 йил рейтингида Ўзбекистон 2,12 балл тўплади ва 2019 йилга нисбатан 2 поғона кўтарилди. Лекин, мамлакат «авторитар режимлар» рўйхатида қолган. Ушбу натижа индекснинг «Сиёсий иштирок» индикатори бўйича Ўзбекистонга берилган баллар яхшиланганлиги (2,22дан 2,78 баллга кўтарилган) эвазига эришилган.

Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистон 3,14 балл билан 128-ўринни эгаллади а ва ўтган йилга нисбатан 11 поғонага кўтарилди. Қирғизистон эса 4,21 балл билан 107-ўринга тушиб кетди (2019 йил 101-ўринда бўлган). Тожикистон 1,94 балл билан 159-ўринда ва Туркманистон 1,72 балл билан 162-ўринда қолишди.

«Беларусь (148-ўрин), Озарбайжон (146-ўрин) ва Марказий Осиёнинг тўртта давлати (Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон) диктатурада қолмоқда, аксарият давлат раҳбарлари ўн йиллардан буён ҳокимиятни эгаллаб келмоқда», — дейилади EIU ҳисоботида.

Экспертлар гуруҳи томонидан минтақа мамлакатларининг кўпида ҳукуматга ва сиёсий партияларга ишонч ортиб бораётганлиги қайд этилган.

Кўрсаткичларга кўра, минтақадаги «авторитар режимлар»да ҳолат 2019 йилга нисбатан озгина яхшиланган. Лекин, тадқиқотчилар демократик ислоҳотлар бўйича узоқ муддатли ривожланишга эришилмаганлигини ва яқин йилларда ушбу категориядаги давлатларда сезиларли ўзгариш бўлиши кутилмаётганлигини таъкидлаган.

Самарали муқобил сиёсий кучларнинг етарли эмаслиги, шунингдек норози овозларни бостирувчи репрессив давлат аппаратининг мавжудлиги ижтимоий сўровномаларда сиёсий элиталарга бўлган қўллаб-қувватлашни ошириб кўрсатиши мумкин, дейилади тадқиқотда.

Минтақадаги бошқа давлатлардан Россия 3,31 балл билан 124-ўринни эгаллаган. Экспертлар Россия президенти Владимир Путин ҳокимиятни ўз қўлида жамлаш учун унга 2024 йилда яна икки маротаба 6 йиллик муддатга президент бўлиб сайланиш имкониятини берадиган конститцуион ислоҳотларни ўтказганлигини қайд этган. «Ушбу воқеа Россияда демократлаштириш жараёнигача узоқ вақт борлигини англатади», дейилади ҳисоботда.

2020 йилда Беларусда бўлиб ўтган президентлик сайловлари мустақил ва ҳаққоний бўлмаганлиги таъкидланиб, ундан кейин бўлиб ўтган кўп сонли намойишлар қайд этилган. «Александр Лукашенко ҳокимиятда қолган бўлса-да, сайловлар мамлакатдаги сиёсий маданиятни оширди, бунга сиёсатга оммавий қизиқиш ва қатнашишнинг ортиши, ҳамда кучли раҳбарларга оммавий ишончга путур етказилиши сабаб бўлди».

Норвегия 9,81 балл тўплаган ҳолда яна рейтингда биринчи ўринни эгаллади. Ундан кейин 9,37 балл билан Исландия, 9,26 балл билан Швеция бормоқда. Кучли бешликка, шунингдек, 9,25 балл билан Янги Зеландия ва 9,24 балл билан Канада кирди.

Индексда сўнгги ўринларда Чад, Сурия, Марказий Африка Республикаси, Конго Демократик Республикаси ва Шимолий Корея давлатлари жойлашган.

The Economist Intelligence Unit.

Демократия индексини 2006 йилдан бери нашр этиб келади. Рейтинг беш тоифага асосланади: сайловлар ва плюрализм; ҳукумат фаолияти; жамоатчиликнинг сиёсатдаги иштироки; сиёсий маданият; фуқаролик эркинликлари.

Ушбу тоифалардаги бир қатор кўрсаткичлар бўйича баҳолардан келиб чиққан ҳолда ҳар бир мамлакат тўрт турдаги режимлардан бири билан таснифланади: «тўлиқ демократия», «номукаммал демократия», «гибрид режим» ёки «авторитар режим».

2020 йилда дунёдаги демократиянинг умумий даражаси рейтинг эълон қилиб келинаётган давр давомида энг ёмон кўрсаткични қайд этди — 5.37 балл (2019 йилда — 5.44 балл). Глобал кўрсаткичнинг пасайиши авторитар режимлар кўп бўлган Африканинг Саҳродан жанубдаги мамлакатлари, Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги вазиятнинг кескин ёмонлашиши билан боғлиқ бўлган. Бир неча йиллардан бери «соғлиги яхши бўлмаган» демократия 2020 йилда COVID-19 пандемияси билан ҳам синалди, дейилади ҳисоботда.

«Тўлиқ демократия»га эга давлатлар сони 23 тага етди, уларда дунё аҳолисининг 8,4 фоизи яшайди. «Номукаммал демократия» тоифасидаги мамлакатлар сони эса 52 тагача қисқарди (дунё аҳолисининг 41 фоизи).

57 мамлакат (дунё аҳолисининг 35,6 фоизи) «авторитар» режимларга мансуб. Дунё аҳолисининг 15 фоизи яшайдиган яна 35 мамлакат эса «гибрид режим» деб таснифланади.