Россия қўшинлари Украинанинг Харьков вилояти шимоли-шарқий ҳудудларига янги ҳужум бошлади. Украина Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, 10 май куни эрталаб соат 5:00 ларда россияликлар Волчанск йўналишида «зирҳли техникалар остида мудофаа чизиғини ёриб ўтишга уринган».

«Айни дамда бу ҳужумлар қайтарилди ва турли шиддатли жанглар давом этмоқда», — дейилади Украина Мудофаа вазирлиги хабарида. Фронтнинг ушбу қисмида мудофаани кучайтириш учун захира бўлинмалари ҳозирланган.

Янги ҳужум тўлқинини Украина президенти Владимир Зеленский ҳам тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, ҳужум артиллерия ўқлари ёрдамида тўхтатилган. «Эрталаб соат 7−8 да шиддатли артиллерия жанги бўлиб ўтди. Ҳозирги вақтга келиб Россия ҳужуми тўхтатилган», — деди у.

Зеленский Украина Қуролли кучлари (УҚК) воқеаларнинг бундай ривожланишига тайёр эканини қўшимча қилди.

«Украина уларни ҳудудда аскарларимиз, бригадаларимиз ва артиллериямиз билан кутиб олди. Муҳими, улар бу йўналишда кучларни кўпайтириши мумкин, аммо бизнинг ҳарбийларимиз, қўмондонлигимиз буни билган ва душманни ўқ билан кутиб олиш учун ўз кучларини ҳисоблаб чиққан», — деди Украина раҳбари.

Украинанинг OSINT лойиҳаси бўлган Deep State`га кўра, Россия ҳарбийлари чегара бўйлаб аҳоли гавжум ҳудудларга, жумладан, Стрелечье, Красное, Пильная, Борисовка (Харьков йўналиши), шунингдек, Гатише ва Плетеневка (Волчанск томони) ҳудудларига «киришга ва мустаҳкам ўрнашиб олишга ҳаракат қилмоқда». Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Россия армиясида чуқур олдинга силжиш учун етарли қўшин йўқ, «лекин бу маневр учун асосий кучнинг қанчасидан фойдаланишга тайёрлиги номаълум».

Reuters агентлиги Украинанинг юқори даражали ҳарбий манбасига таяниб, Россия армияси УҚКни Россия чегарасидан 10 километр нарига суриб, буфер зона яратишга ҳаракат қилаётганини ёзмоқда. Агентликнинг таъкидлашича, россияликлар Волчанск яқинида 1 км олдинга силжиган.

Украина расмийлари ҳудуд бой берилганини инкор этмоқда. Ҳарьков вилояти ҳарбий бошқармаси бошлиғи Олег Синегубов УҚК «ўз позицияларини ишончли ушлаётгани»ни ва «бирор метр ҳам йўқотилмаганини» маълум қилди. Унинг қўшимча қилишича, бутун фронт ҳудуди узоқ вақтдан буён душман техникаси кириши мумкин бўлган «кулранг зона»га айланган.

Россиянинг кескин кучайган ўққа тутиши муносабати билан Украина ҳукумати Волчанск ва унинг атрофидаги ҳудудлар аҳолисини ихтиёрий равишда эвакуация қилишни бошлади. Одамлар Ҳарьковга олиб кетилмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги ҳужум ҳақидаги маълумотга ҳали расман изоҳ бермади.

  • Россия армияси Харьков вилоятининг чегара ҳудудларини кенг кўламли босқиннинг аввалида қўлга киритганди, аммо УҚК 2022 йил кузидаги қарши ҳужум пайтида ҳудудларни қайтариб олган.
  • The Economist аввалроқ Россия Украинанинг аҳоли сони бўйича иккинчи шаҳри бўлган Ҳарьковни яшаш учун яроқсиз «кулранг зона»га айлантирмоқчи эканини ёзган эди. Ўтган йилнинг декабрь ойидан бошлаб шаҳарни ўққа тутиш кучайган.