Uzbekistan Airways йил бошидан буён 5 млн йўловчини ташиди

28 декабрь куни Uzbekistan Airways йил бошидан бери 5 миллионинчи йўловчисини рўйхатга олди. Бу ташувчи учун йиллик рекорд кўрсаткичдир. 2022 йилда бу рақамлар 4,2 млн ни ташкил этган.

Оилавий тадбиркорларга 5 нафаргача ишчи ёллашга рухсат берилди

Ўзбекистонда юридик шахс ташкил этмаган оилавий тадбиркорлик субъектлари беш нафаргача доимий ишчи ёллаши мумкин бўлди. Илгари бу рақам учтани ташкил этарди.

Анастасия Боднарук тезкор шахмат бўйича жаҳон чемпиони бўлди

Россиялик Анастасия Боднарук Самарқандда ўтказилган шахматнинг рапид тури бўйича жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритди. Ўзбекистон вакилалари орасида энг яхши натижани 14 ёшли Афруза Ҳамдамова кўрсатди. У 117 нафар шахматчи ичида 34-ўринни эгаллади.

Тошкент шаҳрининг 2024 йилги бюджети тасдиқланди. Даромадлар қандай ошади?

Тошкент шаҳри кенгаши 2024 йилги бюджетни тасдиқлади. Бу йил ҳам жамоатчилик муҳокамаси ва жонли эфир бўлмади. ЯҲМ ўсиши тезлашиши кутилмоқда. Аҳолидан олинадиган даромад солиғи, давлат ташкилотлари фойдасидан олинадиган даромадлар кескин ошиши ҳисобига бюджет 8 трлн сўмни ташкил этади.

Ўзбекистонда 1 апрелдан айрим ёлғиз кексаларга поездга бепул чипталар ажратилади

Президент қарори билан ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг реестри юритилади. Реестрдаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ва уларга ҳамроҳ шахсга 1 йилда 1 марта темир йўл ёки шаҳарлараро автобус учун бепул чипталар ажратилади.

Ўзбекистон аҳолиси бу йил ҳам Янги йил байрамини қорсиз кутиб олади

Жума кунидан Ўзбекистонга совуқ ҳамда нам ҳаво кириб келади ва ҳарорат 0 даражагача тушади. Дам олиш кунлари ёғингарчиликсиз ўтади ва Ўзбекистон аҳолиси бу йил ҳам Янги йил байрамини қорсиз кутиб олади. 1 январга келиб ҳарорат +13 даражага етади.

31 декабрь куни Тошкентда автобуслар ҳам соат 01:00 гача ишлайди

Пойтахтда автобуслар ҳам 31 декабрь куни метрополитен каби (фарқи — ўша куни метродан фойдаланиш бепул) соат 01:00 гача ишлайди. «Тошшаҳартрансхизмат» байрам тадбирлари ўтказиладиган 18 та манзилга олиб борувчи автобус йўналишларини эълон қилди.

Январда қандай об-ҳаво бўлиши кутилмоқда?

Январь ойида ҳаво ҳарорати меъёрга яқин, баъзи жойларда меъёрдан 1−1,5 даража юқори бўлиши кутилмоқда, деб хабар қилди Ўзгидромет. Йил қуруқ ва илиқ ҳаво билан бошланади. Ҳарорат кечалари қисқа даврга −10…−13 даража совуққача пасайиши мумкин. Ёғингарчилик баъзи жойларда меъёрдан кам бўлади.

«Аи-80 бензини, иситишда мазут ва кўмирдан фойдаланиш». Ўзгидромет раҳбари — Тошкент ҳавоси ифлосланиши сабаблари ҳақида

Ўзгидромет раҳбари Шерзод Ҳабибуллаев «Дарё»га берган интервьюсида Тошкент шаҳри ҳавосининг ифлосланиш сабаблари ҳақида гапирди. Унга кўра, совуқ ҳавода иситиш тизимлари газдан ташқари мазут ва кўмир билан ишлаган, газ шохобчаларининг ёпилиши эса Аи-80 бензини истеъмолининг ошишига олиб келган.

Самарқанд шаҳри учун Хитойдан 10 та автобус олиб келинди

Хитойнинг CRRC компаниясидан Самарқанд шаҳри жамоат транспорти учун 10 та автобус келтирилди. Яна 20 та шундай автобус олиб келиниши режа қилинмоқда.

Ўзбекистонда автомобиллар ва электромобиллар импортини чеклаш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда автомобиллар ва электромобилларни олиб кириш қоидаларини қатъийлаштириш режалаштирилмоқда. 2024 йилдан бошлаб жисмоний шахсларга тижорат мақсадларида автомобиль импорти тақиқланиши мумкин. Янги хорижий автомобилларни фақат расмий дилерлар орқали сотиш тартибига қайтиш таклиф қилинмоқда.

Россия Украина шаҳарларига оммавий равишда ракета зарбалари берди

Россия армиясининг Украина шаҳарларига сўнгги пайтларда берган энг йирик зарбаси оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлди, 80 дан ортиқ киши жароҳатланди. Киев, Львов, Харьков, Одесса ва Днепрда портлашлар бўлди. «Россия ўз арсеналидаги деярли ҳамма нарса билан зарба берди», — деди Украина президенти.

Тошкент ва Наманган вилоятларида қор кўчиши хавфи эълон қилинди

Ўзгидромет 30 декабрдан 2 январга қадар Тошкент ва Наманган вилоятларининг бир қатор ҳудудларида қор кўчиши хавфини эълон қилди.

Энди ҳар қандай ёшдаги фарзандининг контрактини тўлаган ота-оналар даромад солиғидан озод қилинади

Президент имзолаган қонун билан энди ҳар қайси ёшдаги фарзандининг контракт пулларини тўлаган ота-оналар даромад солиғи тўламайди. Илгари бу фақат 26 ёшгача бўлган фарзандлар учун тааллуқли эди. Солиқ ҳуқуқбузарлиги содир этилганда айбдор 3 йил ичида жазоланиши керак.

Избоскан туманига ҳоким тайинланди

Элёрбек Каримов Андижон вилояти Избоскан туманига ҳоким бўлди. Ҳудудни 5 йил давомида бошқариб келган Серобиддин Исмоилов бир неча кун олдин мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва ер бериш тартибини бузишда айбланиб қамоққа олинганди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақола:

Нима кўрамиз? «Газета.uz» ўзбек таҳририяти жамоаси тавсия қилади

Салкам 140 йил аввал, 1885 йилнинг декабрида ака-ука Люмерлар тарихда илк бор катта экранда фильм намойишини уюштирганди. Ҳам шу тарихий воқеа муносабати билан, ҳам байрам дам олиш кунларини мароқли ўтказиш учун «Газета.uz»нинг ўзбек таҳририяти жамоаси фильм тавсиялари билан ўртоқлашади.