29 декабрга ўтар кечаси ва эрталаб Россия армияси сўнгги пайтлардаги Украинага энг йирик ракета ва дрон ҳужумини амалга оширди. Киев, Львов, Харьков, Одесса, Днепр ва Украинанинг бошқа шаҳарларида портлашлар содир бўлди. Ҳаво ҳужуми бир неча соат давом этди.

Украина Қуролли кучлари Ҳарбий-ҳаво кучлари вакили Юрий Игнатнинг сўларига кўра, Россия гипертовушли «Ханжар», бошқа турдаги баллистик ва қанотли ракеталар, С-300 ракеталари, шунингдек, Х-22 самолётларидан фойдаланган.

Украина Қуролли кучлари бош штаби маълумотларига кўра, Россия бир кечада Украинага қарши жами 158 та ракета ва дрон ишлатган. Украина ҳарбийлари 27 та дрон ва 87 та қанотли ракетани уриб туширишга муваффақ бўлди.

Киевда, шаҳар ҳарбий маъмуриятининг маълумотларига кўра, уриб туширилган ракеталардан тушган қолдиқлар камида тўртта туманда вайронагарчиликка сабаб бўлган. Святошинский туманида аҳоли яшамайдиган кўп қаватли уй ёниб кетди, Шевченковский туманида омборлар, нотурар бинолар, шунингдек, қурилиши тугалланмаган бизнес маркази зарар кўрди. Дарницкий туманида бир уйга зарар етказилгани қайд этилган. Подольск туманида омборхонада ёнғин чиққан.

Маъмурият раҳбари Сергей Попконинг сўзларига кўра, Украина пойтахти устида ўттиздан ортиқ ҳаво нишонлари уриб туширилган. Киевдаги ҳужум оқибатида 1 киши ҳалок бўлди, яна 21 киши яраланди. Подольск туманидаги омбор вайроналари остида 10 киши қолган бўлиши мумкин, воқеа жойида қутқарувчилар ишламоқда.

Львовда камида бир киши ҳалок бўлди, яна 13 киши жароҳатланди. Львов вилояти маъмурияти раҳбари Максим Козицкий минтақа бўйлаб камида 14 та «Шаҳед-136/131» русумли учувчисиз самолёт учирилганини, 8 та учувчисиз самолёт уриб туширилганини маълум қилди. Львовдаги турар жой биноси ва корхоналардан бирида зарба қайд этилди. У ердаги маъмурий бинолар ва ишлаб чиқариш сехлари ҳам қисман вайрон бўлган, бироқ ҳеч ким жабрланмаган. Бундан ташқари, учта мактаб ва болалар боғчаси шикастланган.

Харьков уч марта ракеталардан ўққа тутилди, деди шаҳар мери Игорь Терехов. Умуман олганда, шаҳарга дастлаб С-300 ракеталари билан 20 дан ортиқ зарба берилди, дея маълум қилди Харьков вилояти раҳбари Олег Синегубов. Омбор ва ишлаб чиқариш бинолари, транспорт омбори ва корхонанинг вайрон бўлиши ва шикастланиши қайд этилган. Тиббиёт муассасаларидан бирининг томи ва ойналари портлаш тўлқини таъсирида шикастланган. Отишма пайтида 1 киши ҳалок бўлди, 11 киши яраланди.

Днепрда, айни маълумотларга кўра, 5 киши ҳалок бўлди, 20 дан ортиқ киши жароҳат олди, деди Днепропетровск вилояти ҳарбий бошқармаси бошлиғи Сергей Лисак. Украина оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, ҳужум оқибатида шаҳардаги савдо марказларидан бири ёниб кетган. Бино вайроналари остида одамлар бўлиши мумкин, қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда. Туғуруқхонага ҳам катта зарар етган. «Барча беморлар ва тиббиёт ходимлари бошпанагача боришга муваффақ бўлди», — дея хабар бермоқда Украина Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Одессада 3 киши ҳалок бўлди, яна 15 киши яраланди, жумладан, 6 ва 8 ёшли икки бола, дея тасдиқлади вилоят ҳарбий бошқармаси раҳбари Олег Кипер. Шаҳарга ракета зарбаси тунги дрон ҳужумидан кейин амалга оширилган. Уриб туширилган учувчисиз самолёт қолдиқлари кўп қаватли бинога ҳам зарар етказган ва унда ёнғин бошланган.

Шунингдек, шаҳарда лицей ўққа тутилиш сабабли зарар кўрган. Мактабда у пайтда болалар йўқ бўлган.

Запорожье ҳам ўққа тутилди. Вилоят ҳарбий бошқармаси раҳбари Юрий Малашконинг айтишича, ҳужумда шаҳардаги бир қанча корхоналар нишонга олинган. Унинг сўзларига кўра, ракеталардан бири очиқ майдонга тушган, иккинчиси уйни вайрон қилган. Кўп қаватли бинолар портлаш тўлқини ва вайроналардан зарар кўрган. Сўнгги маълумотларга кўра, 4 нафар маҳаллий аҳоли ҳалок бўлган, 10 киши яраланган. Бинолардан бирининг вайроналари остида одамлар бўлиши мумкин.

Украина президенти Владимир Зеленский ҳужум ҳақида шундай деди: «Туғуруқхона, таълим муассасалари, савдо маркази, кўп қаватли уйлар ва хусусий уйлар, савдо омбори, автотураргоҳ. Киев, Львов, Одесса, Днепр, Харьков, Запорожье ва бошқа шаҳарлар. Бугун Россия ўз арсеналидаги деярли ҳамма нарса билан зарба берди».

У ҳужумларга «албатта жавоб қайтаришни» ваъда қилди. «Россия террори мағлуб бўлиши керак — ва айнан шундай бўлади», — деди у.

Россия Украина шаҳарларига қилинган ракета ҳужумига ҳозирча изоҳ бермади.