27 декабрь куни президентнинг «Ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [ПҚ-410-сонли] қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

Қарорга кўра, «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази томонидан ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг реестри юритилади.

2024 йил 1 апрелдан реестрга киритилган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ва уларга бевосита ҳамроҳлик қилувчи 1 нафар шахсга бир йилда бир марта темир йўл ёки шаҳарлараро автобус учун бепул чипталар (бориш ва қайтиш учун) ажратилади.

2024 йил 1 майдан реестрга киритилган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ҳар ойлик уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларива шахсий гигиена товарлари учун ҳар ойда қўшимча пул тўловлари ўрнига ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳар ойда минимал истеъмол харажатлари миқдорида моддий ёрдам жорий этилади.

Ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг йўқотилган биометрик паспортлари улар реестрга киритилгунигача «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази буюртмаси асосида давлат божи ундирилмаган ҳолда алмаштириб берилади.

2024 йил 1 мартдан ўз-ўзига хизмат кўрсатиш, мустақил ҳаракатланиш ва мўлжал олиш имконияти чекланган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ходимлар ассистентларининг «соатбай» асосда ҳафтанинг барча кунлари хизмат кўрсатиши учун мослашувчан иш тартиби жорий этилади.

2024 йил 1 апрелдан Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларида эксперимент тариқасида:

  • уларда жойлаштирилган шахсларга уларнинг эҳтиёжи ҳамда хоҳишига кўра қисқа ва узоқ муддат қолиш ҳамда интернат уйидан бутунлай чиқиш имконияти яратилади;
  • улар томонидан мобил, кундузги қатнов шаклидаги, қисқа ва узоқ муддатли ижтимоий ва реабилитация хизматлари кўрсатилади.