Бу йил ҳам Ўзбекистон аҳолиси Янги йил байрамини қорсиз кутиб олади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет хизмати агентлиги матбуот хизмати.

29 декабрь куни республика ҳудудига совуқ ва нам ҳаво кириб келади. Эрталаб республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғиши, тоғларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бошланди.

Кун давомида ҳаво ҳарорати аста-секин пасайиб, иккинчи ярмида 0…+5 даражагача тушади. Ёмғир ёғиши давом этади ва республика бўйича баъзи жойларда ёмғир қорга айланади.

Тоғли ҳудудларда баъзи жойларда ёғингарчилик кучли бўлади. Республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 17−22 м/с гача кучайиши кутилмоқда.

30 декабрь куни Ўзбекистон ҳудуди бўйича нисбатан совуқ об-ҳаво бўлади, ёғингарчилик кутилмайди, фақат республиканинг тоғли ҳудудларида баъзи жойларда бироз қор ёғиши мумкин. Ҳарорат кечаси −0…−5 даража, шимолда −6…−9 даражагача пасаяди, кундузи +2…+7 даража атрофида бўлади.

31 декабрь ва 1 январь кунлари республиканинг барча ҳудудларида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Кечалари совуқ сақланиб туради, кундуз кунлари эса ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади ва 1 январга келиб +10…+13 даражага етади.

Қуруқ об-ҳаво 2 январда ҳам сақланиб туради, лекин бироз совуқ ҳаво кириб келиши ҳисобига кундузги ҳарорат +6…+9 даражагача пасаяди. Республика бўйича баъзи жойларга туман тушиши кутилмоқда.

Тошкент шаҳрида 29 декабрь куни ёмғир ёғади, қорга айланади. Шамол ғарбдан 3−8 м/с тезликда эсади, вақти-вақти билан 12−15 м/с гача кучаяди. Куннинг иккинчи ярмида ҳарорат 0…+2 даражагача пасаяди.

30−31 декабрь ва 1−2 январь кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин.

Ҳарорат 30 декабрда кечаси −1…−3 даража, кундузи +4…+6 даража, 31 декабрь ва 1−2 январда кечалари −3…+2 даража бўлади, 31 декабрь ва 1 январда кундуз кунлари +11…+13 даражагача аста-секин кўтарилади, 2 январда +7…+9 даража бўлади.