Гидрометеорология хизмати маркази (Ўзгидромет) бош директори Шерзод Ҳабибуллаев «Дарё»га берган интервьюсида Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланишининг сабаблари ҳақида гапирди.

Декабрь ойининг бир қанча кунларида IQAir индекси пойтахт ҳавоси сифати «зарарли» эканини кўрсатди: PM2,5 (ўлчами 0,001 дан 2,5 микрометргача бўлган майда заррачалар) 14 декабрда 108,8 мкг/м3`ни ташкил этди (ЖССТнинг кунлик тавсияси — 15 мкг/м3, йиллик — 5 мкг/м3).

Ўтган ой учун ҳаво сифати индекси (AQI) кўрсаткичлариЎтган ой учун ҳаво сифати индекси (AQI) кўрсаткичлари

PM2,5 бўйича ҳаво сифати индекси (AQI) кўрсаткичлари.PM2,5 бўйича ҳаво сифати индекси (AQI) кўрсаткичлари.

22 декабрь куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги АҚШ элчихонасида ўрнатилган ҳаво сенсори PM2,5 концентрацияси 335 мкг/м3 эканини кўрсатди.

Ўзгидромет раҳбарининг сўзларига кўра, декабрь ойи ўрталарида қор ёғиб, ҳаво совуқлашганда иситиш тизимлари газдан ташқари мазут ва кўмир билан ҳам ишлаган, бу пойтахт ҳавосига жиддий таъсир қилган.

«Ҳаво ифлосланиши икки турга бўлинади. Улар табиий ва техноген омиллардир. Табиий омилни қурғоқчилик, ёғингарчилик камлиги деб билсак, техногенда ўз қўлимиз билан балансни ушламаслигимиз асосий ўринда туради. Яъни ишлаб чиқариш ташкилотлари шаҳарга яқин бўлгани, қурилишлар кўпайиши, автотранспорт воситалари сони ошгани ва ҳоказолар. Кундуз кунлари [кўрсаткич] жуда ҳам қизариб кетди. Яқинда Тошкентда қор ёққанда газ қувватига қўшимча тарзда мазут ёқилгани ҳавога жиддий таъсир қилган. Айрим жойларда иситиш тизимини ушлаб туриш учун кўмир ҳам ёқилган», — деб тушунтирди у.

Ифлосланиш даражасининг ошишига айрим газ қуйиш шохобчалари фаолиятининг чеклангани ёки тўхтатилгани ҳам таъсир кўрсатди, бунинг оқибатида Аи-80 бензини истеъмолининг кескин ошиши кузатилди, бу ҳам техноген омил ҳисобланади, деди Шерзод Ҳабибуллаев.

«Бизда ҳаво сифатини кўрсатувчи датчиклар „қизарди“ (қизил зарарли ҳавони билдиради). Яқин 10 кунлик ичида шундай ҳолат кузатилди. Ўтган ҳафта шанба куни датчик „яшил“ ҳолатига ўта бошлади. Яъни техноген таъсирлар ҳаво ифлосланишига кўпроқ таъсир қилмоқда», — деди у.

Ўзгидромет раҳбари пойтахтдаги ҳаво ифлосланишининг қарийб 50 фоизи ички омиллар, қолгани эса ташқи омиллар таъсирида вужудга келганини таъкидлади. «Масалан, ўтган сафар Жиззах вилоятидан Навоий вилоятининг чўл ҳудудлари орқали катта миқдордаги чанг оқими келган. Баъзан Қозоғистондан [ифлосланган] оқимлар келади», — тушунтирди Шерзод Ҳабибуллаев.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев ҳам яқинда эълон қилинган интервьюсида Тошкент ҳавосининг сифати ёмонлашишда давом этишини, одамлар 5 йилдан кейин шаҳарни оммавий равишда тарк этишга мажбур бўлиши мумкинлигини айтганди.

Аи-80 бензинини ишлаб чиқаришни тўхтатиш режалари ҳақида илк бор 2020 йил июнь ойида «Ўзбекнефтгаз» раҳбари Меҳриддин Абдуллаевнинг Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига ташрифидан сўнг хабар берилганди. Ўшанда компания матбуот хизмати заводни модернизация ва реконструкция қилиш лойиҳаси туфайли бу ерда Аи-91, Аи-93 ва Аи-95 юқори октанли бензин маркалари ишлаб чиқарилишини, Аи-80 бензинини ишлаб чиқариш тўхтатилишини хабар қилганди.

«Ўзбекнефтгаз» 2022 йилдан бошлаб Аи-80 бензинини ишлаб чиқаришни босқичма-босқич тўхтатишни режалаштирганди, аммо ҳали ҳам бензиннинг бу маркаси Ўзбекистонда энг харидоргири ҳисобланади.