Россиялик шахматчи Анастасия Боднарук 26−28 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида рапид (тезкор шахмат) бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида ғолиб бўлди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Анастасия Боднарук ва Хампи Конеру. Фото: Ҳусниддин Ато / PressPhotoUz

Якуний 11-тур натижаларига кўра, Боднарук, шунингдек, Хампи Конеру (Ҳиндистон) ва Лэй Тинцзе (Хитой) 8,5 очко жамғариб, турнир жадвали юқорисида жойлашди. Қўшимча кўрсаткичларга кўра, Боднарук ва Конеру биринчи ўрин учун тай-брейк ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритди, хитойлик шахматчи эса бронза медали билан чекланди.

Тай-брейк баҳсларида Россия вакиласи рақибини 2,5−1,5 ҳисобида мағлуб этди.

Рапид ва блиц бўйича жаҳон чемпионатида россиялик спортчилар Халқаро шахмат федерацияси (ФИДE) байроғи остида қатнашмоқда.

Афруза Ҳамдамова. Фото: Ҳусниддин Ато / PressPhotoUzАфруза Ҳамдамова. Фото: Ҳусниддин Ато / PressPhotoUz

Ўзбекистон вакилалари орасида энг яхши натижани яқинда 14 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан Афруза Ҳамдамова кўрсатди. У 6,5 очко жамғариб, 117 нафар шахматчи орасида 34-ўринни эгаллади.

Умида Омонова 5,5 балл билан 57-ўринни эгаллади. Ўзбекистонлик бошқа 11 нафар спортчи эса турнир жадвалининг қуйи қисмида жойлашган.

Турнир жадвали

Рапид чемпионатининг очиқ турнирида норвегиялик Магнус Карлсен чемпионлик унвонини сақлаб қолди.

29−30 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида блиц бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.