Нима кўрамиз?
«Газета.uz» ўзбек таҳририяти жамоаси тавсия қилади
Салкам 140 йил аввал, 1885 йилнинг 28 декабрь куни ака-ука Люмерлар тарихда илк бор катта экранда фильм намойишини уюштирган эди. Бугунги кунда ушбу сана Халқаро кино куни сифатида нишонланади. Ҳам шу сана муносабати билан, ҳам байрам дам олиш кунларига бир тавсия сифатида «Газета.uz»нинг ўзбек таҳририяти жамоаси фильм тавсиялари билан ўртоқлашишга қарор қилди.
Салкам 140 йил аввал, 1885 йилнинг 28 декабрь куни ака-ука Люмерлар тарихда илк бор катта экранда фильм намойишини уюштирган эди. Бугунги кунда ушбу сана Халқаро кино куни сифатида нишонланади. Ҳам шу сана муносабати билан, ҳам байрам дам олиш кунларига бир тавсия сифатида «Газета.uz»нинг ўзбек таҳририяти жамоаси фильм тавсиялари билан ўртоқлашишга қарор қилди.
2023 йилда «Газета.uz»нинг ўзбек таҳририяти «Нима кўрамиз?» лойиҳаси доирасида бир муддат фильм тавсияларини бериб борди. Лойиҳа доирасида, жумладан, режиссёр Сарвар Каримов, санъатшунос журналистлар Иқбол Қўшшаева ва Гулмира Мусажонова, блогерлар Аъзам Қаҳрамоний (Teacher Azam) ва Нодир Нишонов (Dervish_Nod) ўз тавсиялари билан ўртоқлашди.

«Нима кўрамиз?» лойиҳаси 2024 йилда давом эттирилади. Қуйидаги тавсиялар эса ҳам 2023 йил учун якун, ҳам бўлажак қайтиш олдидан бир тайёргарлик ўрнида.
«Паразитлар»
Parasite (2019)
Мадина Аъзам тавсия қилади
фотомухбир
Жанубий кореялик режиссёр Пон Чжун Хо томонидан суратга олинган «Паразитлар» бой ва камбағаллар ўртасидаги тафовут, бу туфайли юзага келадиган ижтимоий зиддият, шунингдек, фирибгарлик, зўравонлик билан фаровонликка интилишнинг оқибатини ўзида акс эттиради. Ҳар бир эпизод ва деталь мазмунга эга бўлиб, улардан бирисиз фильмни тасаввур қилиб бўлмаслигини томоша қилиш жараёнида яққол пайқайсиз.

Айниқса, қаҳрамонларнинг дипломни сохталаштириши, кимгадир ноҳақлик қилиш эвазига ўз яқинларини иш билан таъминлаши, бой қатламнинг ҳаёти камбағалларга жозибадор ҳамда идеал кўриниши, қолаверса, бир жамиятдаги оилаларнинг бир-бирига мутлақ қарама-қарши турмуш тарзи — ҳар қандай макон ва замонга бегона бўлмаган муаммодир.

Фильм сўнггида аслида паразит ким деган жумбоққа ҳар бир томошабин турлича жавоб топади. Ëки саволлар қуршовида қолади. Ушбу фильмнинг ўзига хослиги ҳам, менимча, шунда.
«Қалб»
Soul (2019)
Давлат Умаров тавсия қилади
таҳририят раҳбари
Яхши кўрадиган фильмларим жуда ҳам кўп (масалан, Шоҳруххон ўйнаган барча киноларни бу рўйхатга қўшиш мумкин), лекин ҳозир фильмлар орасидан негадир «Қалб»ни тавсия қилгим келди. Pixar'нинг ушбу анимацион фильми ҳаётга фалсафий нуқтаи назардан қарашга ундагани билан ёдимда кўпроқ қолган бўлиши мумкин.

Мультфильм қаҳрамони болалигидан орзу қилган, қалби бир умр талпинган лаҳзаларга етай деганида бахтсиз ҳодисага учрайди. Унинг кейинги саргузаштлари ҳар бир инсон учун ўз қалбига қулоқ солиш, ўзини англаш, қалбни ошно қилувчи завққа эргашиш қанчалик муҳимлигини кўрсатади.

Бу мультфильм юнон файласуфи Афлотуннинг инсон қалби ҳақидаги мулоҳазаларидан илҳомланиб яратилган бўлса керак, деган хаёлга бораман. Афлотун инсон туғилишидан аввал унинг қалби ҳақиқий гўзаллик нималигини билгани, дунёга келгач эса Ерда секин-аста унутилишини таъкидлаган. Унга кўра, айнан қалб инсоннинг танасига ҳаёт бағишлайди. Балки шунинг учун бир умр гўзалликка талпиниб, уни қидириб яшармиз.

Мультфильмда қалблар фақатгина ўз мақсадини топганидагина «Ерга отланиши» ёки «тирилиши» кўрсатилган. Шунингдек, унда мақсадсиз қалбларнинг умрбод адашиб юриши, зулмат қулига айланиши ҳам зўр кўрсатиб берилган. Баъзида эса қалбнинг асосий мақсади қандайдир машғулот билан шуғулланиш эмас, шунчаки яшашдан иборат бўлиши мумкинлиги ҳам баён қилинган.

Ҳаётнинг ўзи чиндан ҳам энг олий гўзаллик бўлса керак!
«Ракша Бандҳан»
Зиёда Рамазонова тавсия қилади
журналист
Режиссёр Рай Ананднинг «Ракша Бандҳан» фильмида, Ҳиндистондаги турмушга чиқаётган қизларнинг куёвга сеп бериш мажбурияти ортидаги фожиалар бир ака ва унинг тўрт синглиси мисолида кўрсатилган.

Онасига тўрт синглисини узатмагунча уйланмасликни ваъда берган ака, сингилларини узатиш, куёв томонни қурби етадиган сепга кўндириш учун қилмаган иши, айтмаган сўзи қолмайди. Сеп можароси охир-оқибат тўнғич сингил ўз жонига қасд қилиши билан тугайди. Куёв томонга сеп бериш ижтимоий жиноятлиги, бу амалиёт тўхтатилмаса хотин-қизлар қийналаверишини тушуниб етган ака қолган сингилларининг сепига йиғилган пулни энди уларнинг таълимига сарфлашга қарор қилади.

Фильмдаги муаммолар Ўзбекистон учун ҳам бегона эмас. «Ракша Бандҳан» — бирор хатти-ҳаракатнинг хатолигини тушуниш учун қурбонликлар бериш шарт эмаслиги, шунчаки ирода кўрсатилса, зулм занжирини уза олиш мумкинлигини кўрсатиб берган фильм.
«Такси ҳайдовчиси»
Нуруллоҳ Шарипов тавсия қилади
муҳаррир
«Такси ҳайдовчиси» ишлаётган соҳам — журналистикага боғлиқлиги учун ҳам жуда ёқади. Уни ҳукуматнинг эркинлик истовчи фуқароларига нисбатан қилган шафқатсизлиги кун келиб албатта ошкор бўлиши ҳақидаги ўзим кўрган фильмлар орасида энг яхшиси деб биламан. Фильмда барча — киракашдан тортиб журналистгача ҳамма ўз ишини сидқидилдан бажарса, ёмон кунлар тугаши ғоя сифатида илгари сурилади.

Кванжу қўзғолони номи билан тарихга кирган воқеа тафсилотлари ҳақида ҳикоя қилувчи фильмда мамлакат келажаги ва фуқароларнинг ҳаётига хусусан журналистлар қанчалик таъсир қила олиши кўрсатиб берилган. Айни вақтда, журналистика нақадар оғир ва мураккаб касб эканини яна бир бор тушуниб етасан киши.

Айни вақтда, бу фильм - умидбахш. Тараққий этган Жанубий Корея 40-50 йил аввал авторитар ва коррупцияга ботган ўлка бўлганини бугун кўпчилик билмайди. Шу аҳволдаги мамлакат ҳам, агар ҳамма ўз ишини ва сидқидилдан бажарса, зўравонликка қарши жим турмаса, ботқоқдан чиқиши, ривожланиб кетиши мумкин. Фильмдан олиш мумкин бўлган умид ҳам шунда.
«Масхарабоз»
1994
Муштарий Оқбоева тавсия қилади
мухбир
Мен дунёнинг энг машҳур фильмларининг ҳаммасини кўриб бораман деёлмайман. Ҳатто, тиллардан тушмайдиган «Интерстеллер» ҳам тўлиқ кўрмаганман. Тавсиям эса таниқли драматург Шароф Бошбеков экранлаштирган ўзбек фильми — «Масхарабоз». Айтишингиз мумкин, ахир у 2019 йил америкалик режиссёр Тодд Филлипс суратга олган «Жокер» фильмини эслатяпти-ку, деб. Лекин, ўзбек масхарабози аллақачон — 1994 йил суратга олиниб, кўпларнинг эътиборини қозониб улгурган.

Кинолар одатда яхши кайфият билан бошланиб, воқеалар ўртасида кескин бурилиш, зиддият, ғолиблик учун кураш, сўнгида эса ҳамма мурод-мақсадига етиши билан якун топади. Бу фильмда ҳам шундай, лекин самимий якун ғолиблик эмас, мажбурликдан. Менга шундай туйилган, ҳар ҳолда. Негаки, фильм давомида масхарабоз номини олган Тешавой ҳаётидаги барча воқеаларни самимий қабул қилади, ҳазилга йўяди. Ҳеч қайси муаммога дард деб қарамайди. Энг қизиғи, у умрида йиғламаган, аммо охири севган ёри алдов сабаб бошқага мажбуран турмушга чиқишини кўриб, «зари ёки зўри бўлмаган»лар ҳаётда ютолмаслигини англаб, йиғлайди. Ҳатто шуни ҳам самимий қабул қилиб, якунда ўзи каби масхарабоз қизга дуч келади.

Ижодкорлар креатив тарзда таништириладиган фильмдаги актёр ва актрисаларнинг маҳоратини эътироф этиш жоиз. Аксар ёш йигитларнинг дардини ўзида мужассам қилган фильм, фақат драма ёки сарказмдан иборат эмас, унда ижтимоий ҳаётдаги муаммолар ҳам ёритилган. Кино учун алоҳида ишланган «Атиргуллар очди чирой», «Йиғламайман» қўшиқлари эса фильмни янада ўзига хос бўлишига ҳисса қўшган. Диалогларда ҳам ўзига яраша маъно мужассам. Қисқаси кўринг, албатта куласиз ва йиғлашингиз ҳам мумкин..
«Отамдан қолган далалар»
1998
Элшод Салимов тавсия қилади
муҳаррир
Шуҳрат Аббосовнинг «Отамдан қолган далалар» фильмини бундан роппа-роса бир йил олдин томоша қилиб, нега аввалроқ кўрмаганим ҳақида ўйлаб қолганман. Фильмда маҳаллий аҳолининг ҳаёти Чор Россияси истилосидан бошлаб издан чиққани, ўзи муқаддас деб билганларидан бирма-бир маҳрум бўлгани уч авлод фожиасида очиб берилган. Кино 3,5 соат давом этса, шунча вақт ҳар хил туйғулар — кучли ҳаяжон, оғриқ, йиғи, нафратни ҳис қилиб, эрк ҳаммасидан устун эканига яна бир бор амин бўлганман. Фильмдаги юқори пафос томошабинни ҳеч тарк қилмайди.

Қаҳрамонлардан бирининг эрига қарата айтган арзлари мени йиғлатган. У том маънода бир асрлик дардлардан шикоят қилгандек эди. Таппи тайёрлай туриб, уларнинг бутун ҳаёти ёлғон экани, содда ва айтилган томонга оғиб кетаверишлари, қиш эшик қоқай деганда ҳам пахта даласидан бери келолмаётганидан қилган доди жуда ҳам таъсирли чиққан.

Энг оғриқлиси, фильмни кўраётиб, баъзи нарсалар ҳали ҳам ўзгармагани, ҳақиқий эркка тўла етиб улгурмаганимиз ҳақидаги фикрлар миямни чимдиб олаверган. Буни ифодалаш учун сўзлар ожизлик қилади, яхшиси кўриб, ҳис қилиш керак.
«Леон»
Léon (1994)
Дилруҳ Исомиддинова тавсия қилади
фотомухбир
Режиссёр Люк Бессон томонидан суратга олинган «Леон»га қизиқиш ва муҳаббатим илк бор 15−16 ёшларимда, Стингнинг «Shape оf my heart» қўшиғини тинглаб, ёқтириб қолганимдан кейин уйғонган. Аввалига уни шунчаки томоша қилдим, кейинчалик севимли актёрим Жан Рено учун кўрадиган бўлдим, лекин асл моҳиятини улғая бориб тушундим. Фильмнинг одамни ўзига жалб қилувчи бир жиҳати унинг классик носталгия кайфиятини беришида бўлса, яна бири ёмон ва яхши одам ҳақидаги азалий (айниқса, ўзбекона) стереотипларни парчалаб ташлагани, назаримда.

Леон ўта совуққон, чекланган, тартибли ва ҳиссиз яшайди, чунки унинг ҳаётида ҳақиқий инсоний муносабатлар (оила, дўстлик, севги) йўқ. Охир-оқибат, у фидокорона севишни ўрганди, совуқ ва қоронғи ҳаётида илиқ бир нур — Матилда исмли жажжи қизалоқ пайдо бўлди. Фильмнинг бош ғояси — севгисиз биз ўликмиз. Фильмни томоша қилиш давомида ҳиссиз қотил ниқоби остидаги меҳрибон ва муҳаббатга, фидойиликка тўла самимий отани (қайсидир маънода ўғилни ҳам) кўра оласиз.

Аслида кимдир тавсия қилган фильмларни кўриш менда бироз қийинчилик туғдиради. Дид индивидуал масала бўлгани боис, тавсиячига ёққан фильм менинг кутилмаларимни оқламаслиги эҳтимоли борлиги қўрқитади. Қолаверса, кўп ҳам киносевар бўлмаганим учунмикин, кўрганимни таҳлил ва муҳокама қилолмайман одатда. Шу боис камдан кам тавсия қиламан. Бу фильмга меҳрим тушунтириб бўлмас даражада кучли, шунчаки уни ёқтирганим бошқаларга ҳам тавсия қилишимга етарли сабаб бўлса керак.
«Жокер»
Joker (2019)
Маъмуржон Обраҳматов тавсия қилади
видео оператор
Режиссёр Тодд Филлипс суратга олган «Жокер» фильми бош ролдаги Ҳоакин Феникснинг ижроси билан ҳам шедевр, ўйлашимча. 2020 йили 11 номинацияда "Оскар"га даъвогарлик қилиб, 2 тасида ғолиб чиққани ҳам унинг энг яхши фильмлардан бири эканига исбот бўлса керак.

"Жокер" кўп жиҳатдан ўзига хос. Соҳамдан келиб чиқиб айтсам, тасвир сифати, композициянинг ғоя билан яратган мувозанати, кадрларнинг ранг-баранглиги, ижро техникаси, овоз сифати ва мусиқа ҳамоҳанглиги режиссёрнинг бу иши мукаммал чиқишини таъминлаган. DC олган бошқа фильмларда бундай эмасми? Ҳатто ундан-да аъло фильмлар борлигини, кўпроқ эканини инкор қилиб бўлмайди, лекин бу фильмга ажратилган бюджет билан бундан яхшироғини олиш имконсиз ҳам.

Фильмда атрофда кечаётган муҳим воқеа-ҳодисаларга эътиборсизлик оқибатида келиб чиқиши мумкин бўлган фожиа кўрсатилган. Уни томоша қилиш орқали бефарқлик ва адолатсизлик зулмга асос бўлишини тушуниб етасиз. «Жокер»лар ҳамма ерда бор, яъни улар аслида катта муаммоларга паст назар билан қараб, кичик муаммолар гирдобида қолган жамиятларда етишади ва кун келиб... «портлайди»!
«Йўл»
La Strada (1954)
Холида Мусулмон тавсия қилади
фотомухбир
Итальян неореализми намунаси ҳисобланган «Йўл» фильмида режиссёр Федерико Феллинининг ўз даври, қолаверса, бутун инсониятга муносабати акс этган. Картинада оддий халқ ҳаёти, ўй-фикрлари, нафасию қадами кўрсатилган.

Менга ҳиссиёт уфуриб турган асарлар жуда ёқади. «Йўл»да дард, ночорлик, рад этилиш, муҳаббатга етиша олмаган қалб изтироблари ва энг аламли иқрорни кўраман.

Фильм қаҳрамони Желсоминанинг кўзларидан беқиёс улуғ севги уфуради, Зампанонинг билаклари эса бу севгини занжирлардек парчалай олмайди, аксинча, куч ҳар доим ҳам ечим бўлолмаслигини исботлайди.

Фильмни қайта-қайта, йиғлаб-йиғлаб томоша қилиш мумкин.
«Ибтидо»
Inception (2010)
Назарбек Назаров тавсия қилади
муҳаррир
Тавсия қилишим мумкин бўлган кинолар сероб бўлса-да, негадир хаёлимга биринчи бўлиб Кристофер Ноланнинг фильмлари келади. «Ибтидо» - улар орасида энг ёқтирганим. Инсон онгости, манипуляция, тушлар — булар биз учун охирига етилмаган, чала ўрганилган жабҳалардир. "Ибтидо" эса шу ҳақда қайта ва қайта мушоҳада юритиш, ўзингиз учун ҳар сафар нимадир янгилик кашф қилиш имконини берувчи бир фильмдир.

Томоша қилиш жараёнида ҳар сафар янгидан саволлар пайдо бўлади, лекин уларга ҳар доим ҳам жавоб топа олмайсиз. Умуман, Кристофер Нолан — даҳо. Унинг барча фильмлари - «must-watch». Ундан ташқари, Мартин Скорсезе, Квентин Тарантино, Гай Ричи, Ридли Скотт, Дэвид Финчер… (яхшиси мени кино ҳақида гапирмай, йўқса ўзимни тўхтатолмай қоламан). Уларнинг бари даҳо!
«Интерстеллар»
Шоҳруҳ Ҳайдаров тавсия қилади
мухбир
«Интерстеллар» - томошабинда ҳиссиётлар симфониясини уйғотадиган фильм. Унда кўрсатилган илмий жараёнлар томошабинни зериктирмайди, нимадир янги нарса ўрганишга ундайди. Айниқса, ҳақиқий санъат асари даражасида яратилган саундтрекларини айтмайсизми!

Фильмда ота ва унинг қизи ўртасидаги муносабатлар, уларнинг бир-бирига бўлган меҳри вақт, макон ва оламни-да ошиб ўтишига гувоҳ бўласиз. Унда айрилиқ изтироблари, дийдорга интилиш ва шу жараёндаги турли лаҳзалар маҳорат билан тасвирланган.

Мазкур фильм орқали инсон руҳиятининг мураккаблиги, коинотнинг мислсиз чегаралари ва тасаввур қилиб бўлмайдиган қийинчиликларга қарши муҳаббатнинг қудратини кўрасиз, қотиб қолган ҳиссиётларингиз уйғониб, жонланади.
«Қора телефон»
Шаҳзод Ҳабибуллаев тавсия қилади
видео оператор
Скотт Дерриксон томонидан суратга олинган «Қора телефон»даги бош мавзу ва ғоя – болалик қўрқувларини енгиш ва бу йўлдаги қийинчиликлардир. Ушбу картина томошасидан кейин киши анча вақт унинг таъсиридан чиқиб кета олмайди. Қўрқув ҳақидаги фильм бўлишига қарамай, у қонли саҳналар билан тўлдирибб, бўрттириб юборилмаган.
«12 жаҳлдор эркак»
Муҳрим Аъзамхўжаев тавсия қилади
муҳаррир
Мен қайта-қайта томоша қиладиган фильмлар кўп (бунда ўзбек киносининг олтин фондига кирган картиналар танловдан ташқари – уларни қайта-қайта кўрмайман, улар билан бирга яшайман, десам ҳам бўлади) – тасаввури бепоён Ҳаяо Миязакининг мультфильмлари, «Юлдузлар жанги» ва «Гарри Поттер» эпопеяларининг исталган бирор қисми, «Чўқинтирган ота»нинг биринчиси, «Телба Макс»нинг 2015 йилгиси, «Интерстеллар» ва ҳоказо, ва ҳоказо; ҳар йил январь-февраль ойларида ўша йилги «Оскар»га номзод фильмларни имкон қадар кўриб чиқиш ҳам одат (2023 йилгиларидан «Инишерин баншилари», «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» ва «Ҳаммаси ҳар жойда ва бирдан»ни томоша қилишни сизга ҳам тавсия қилган бўлардим). Лекин ҳозир ўзим ҳам анчадан бери кўрмаган бир фильмни тавсия қилмоқчиман.

Баъзилар: «Менинг фикрим нимани ҳам ҳал қиларди?», деб, муаммоли вазиятларда тезда таслим бўлади-қўяди. Бошқа бировлар: «Кўпчилик шу ишни тўғри деб турганидан кейин, биргина менинг қарши чиқишим нимани ҳам ўзгартирарди?» деб, нотўғри ҳам адолатсиз қарорлар қабул қилинаётганида ё жим туради, ё хато йўлдан кетаётган кўпчилик фикрига қўшилиб кетади, кўпчиликнинг зуғумидан ҳайиқиб, мантиқсиз қарорларга қарши ўз фикрини айтолмайди. Аслида эса, ҳақиқат ва адолатга хизмат қиладиган бўлса, ҳар бир фикр айтилиши керак. Ҳақиқат ва адолатга хизмат қиладиган нуқтаи назар фақат бир кишидан чиқса ҳам, у якунда хато йўлдан кетаётган кўпчиликнинг фикрини ўзгартириши, навбатдаги нотўғри қарор, мантиқсиз қадамнинг олдини олишга хизмат қилиши мумкин.

Барча даврларнинг энг яхши фильмлардан бири сифатида тан олинган «12 жаҳлдор эркак»да айнан шу нарса зўр кўрсатиб берилган.
«Шоушенкдан қочиш»
Баҳодир Абдуллаев тавсия қилади
мухбир
Нолан ижодининг мухлиси сифатида, албатта, «Интерселлар»ни кўришни тавсия қилардим-куя, бунга мендан олдин улгуришибди-да. Умуман олганда, энг яхши кўрадиган ва кўрмаганлар бўлса тавсия қиладиган фильмим бу - Фрэнк Дарабонтнинг «Шоушенкдан қочиши». Бу фильмни тавсия қилишнинг ўзи ғалати бўлса керак. Мен бу кинони Ер юзида энг кеч кўрган одам бўлсам керак. Майли, шу тавсиям билан кимдир бу фильмни қайта кўришига сабаб-чи бўларман балки.

Эркинлик инсоннинг энг муқаддас ҳуқуқи ва қадрияти — «Шоушенкдан қочиш» фильмида эса инсон бунинг учун нималардан ўтиши мумкинлиги маҳорат билан тасвирланган.

Бош қаҳрамоннинг хона эшикларини қулфлаб, баланд овозда мусиқа қўйиш саҳнаси - шедевр. Унда асосий мавзу эркинлик, асосий ғоя эса шу эркинликка олиб борувчи йўлда инсон қандай матонат, ирода кўрсата олиши деб ҳисоблайман.
«Оппенгеймер»
«Оппенгеймер» мен учун 2023 йилнинг энг яхши фильми бўлди. Қайсидир олимнинг биографиясидан уч соатлик фильм ишлаш ва уни йилнинг энг кассабоп фильмларидан бирига айлантириш учун инсон Нолан бўлиши керак, менимча.

Фильм бизга дунёдаги энг даҳшатли қуроллардан бири қандай ишлаб чиқилгани, ўша давр ва жамият, сиёсатдаги чиркинлик ҳамда, энг асосийси — нима учун иқтидорли ва билимли инсонлар ҳукумат қўлида ишлаши фожиали оқибатларга олиб келиши ҳақида гапиради. Нафақат мазмуни, умуман фильмнинг барча ижодкорлари иши жуда яхши бажарилгани билан бу кино сизга албатта ёқади деб ўйлайман. Роберт Дауни ижро этган роли ва фильм учун басталанган мусиқалар уни янада безаган. Фильмда махсус эффектлардан фойдаланмасликка ҳаракат қилингани эса алоҳида мавзу (ахир бу Нолан!).

Ҳар қандай фильмдан томошабин ўзига турфа хулосалар олиши, фильмда бошқалар кўрмаган ўзгача мавзуларни кўриши кўриши мумкин. Мен иқтидорли инсонларнинг ҳукумат қўлида ишлаши қандай оқибатлар келтириб чиқариши «Оппенгеймер»нинг асосий мавзуси деб ўйлайман. Виждон азоби, воқеалар ривожи инсон ихтиёридан ташқари экани ҳам фильм ғояси марказида туради.

Тавсия ёзаётган вақтим хаёлимга биринчи келгани шулар бўлди. Бири 2023 йилги, янги фильм ва уни яқинда кўрганман. Иккинчиси эса менда энг ёрқин таассурот қолдиргани учун биринчилардан бўлиб хаёлимга келган бўлса керак.
«Какку уяси узра парвоз»
Гулираъно Мусаева тавсия қилади
журналист
Милош Форманнинг «Какку уяси узра парвоз» фильми ижтимоий нотенгликка эътибор қаратувчи психологик драмадир. У ҳар кимга аввало инсон сифатида муносабатда бўлиш кераклигини уқтирувчи, руҳий касалликлар шифохонасидаги ақлбовар қилмайдиган воқеаларни очиб берувчи фильм. Аммо менинг энг ёқтирган фильмларим орасида эканлигининг сабаби бугина эмас, ҳамма гап унинг нимкосасида. Фильмда тизимни ўзгартириш, эркка интилиш билан бирга, мустабиднинг стандартларига бўйсунмайдиганларнинг индивидуаллигини йўқотишга уриниш акс этади гўё. Қолаверса, биргина шахс ўзига хослигининг чиқитга чиқарилиши кўпчилик тақдирига таъсир қилиши мумкинлигига ҳам ишора қилинади.

Унда ҳаётга ташналик ва ҳафсаласизлик, интилиш ва қўл силташ ёнма-ён келади. Шифохона — давлат, беморларни эса халқ деб оладиган бўлсак, улар орасида, соғдек кўринганлар аслида нақадар телбалиги, баъзиларга эса, аксинча, телбанамо яшаш маъқуллиги, кимлардир ўзини соқовга солишига гувоҳ бўласиз. Қойилмақом психологик роллари билан маълум Жэк Николсон гавдалантирган қаҳрамон, фильмда дастлаб қоидалар асосида нималарнидир ўзгартирмоқчи бўлади, овоз бериш, муроса йўлларини синаб кўради. Бефойдалигини тушуниб етгач эса бошқача ечим топмоқчи бўлади.

Режиссёр таъбири билан айтганда Совет иттифоқининг метафораси бўлган «психушка»да ҳам Оруэллнинг тилларга достон, ҳаммани кузатиб, назорат қилиб турадиган «катта оға»си сингари образ — ҳамшира Ратчед бор. У тартиб-қоидаларга бўйсунмайдиганларни, исёнкорларни ёқтирмайди, уларнинг танобини тортиб қўяди. Енгил жазо эмоционал манипуляция, таблетка ва шок терапияси бўлса, олийси тафаккурга ҳужум — лоботомия, «сабзавотлаштириш»дан иборат бўлади.
«Диққат марказида»
Spotlight (2015)
Том Маккартининг «Диққат марказида» фильми журналистика идеалда қандай бўлиши кераклигини кўрсатиб беради. Реал воқеа, Пулитцер мукофотига лойиқ топилган суриштирувга асосланган мазкур фильм католик черковидаги ахлоқсизлик - педофилия жиноятига доир кирдикорларини фош этади.

Мурғак болаларнинг ҳаёти топталгани, дин ниқоби остидаги жирканчликларга гувоҳ бўларкансиз, бўғзингизга нимадир тиқилади. Шу билан бирга, ҳозир ҳам бошқа бир мамлакатда зўрланиш ва хўрланишлар билан боғлиқ шу каби ҳолатлар юз бериши мумкинлиги, бости-бости бўлиб кетиши мумкинлигини ўйлаб, даҳшатга тушасиз.

Томоша давомида суриштирувга асос бўлган воқеани нафақат сиз яшайдиган мамлакат, балки бутун сайёрадан даф бўлишини, Тhe Boston Globe журналистларидаги профессионалликни эса, имкони бўлса, карго қилиб, ўз юртингизга келтириб олишни истайсиз. Хуллас, бу инсонийлик ва касбга доир тушунчаларни фильтрдан ўтказишга ундайдиган фильм.
Тавсияларни Гулираъно Мусаева тўплади.
«Газета.uz» интернет-нашри сайтига жойлаштирилган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.