Ўзбекистон автомобиллар ва электромобилларни олиб кириш қоидаларини кучайтириши мумкин. Бу идоралараро муҳокамадан ўтаётган «Республика ҳудудига енгил автомобиллар олиб киришни ва уларнинг мувофиқлигини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳасида қайд этилган.

«Газета.uz» ўрганиб чиққан ҳужжатга кўра, жисмоний шахсларнинг автомобиль олиб кириши чекланиши мумкин. Хусусан, уларга фақатгина календарь йили давомида ўз номига биттадан ортиқ бўлмаган автотранспорт воситаларини ўз фойдаланишлари учун олиб киришга рухсат берилиши мумкин. Бундан ташқари, 2024 йилдан бошлаб жисмоний шахслар томонидан тижорат мақсадларида автомобилларни олиб киришни тақиқлаш таклиф қилинмоқда.

Бу чора, эҳтимол, мижозлар буюртмасига кўра, автомобилларни чет элдан, асосан Хитойдан етказиб берадиганларга қаратилган.

Шу билан бирга, давлат корхоналари, ишлаб чиқариш корхоналари ва тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган ҳамда Ўзбекистон ҳудудида сотиш учун мўлжалланмаган автотранспорт воситаларини мажбурий сертификатлашдан озод қилиш таклиф этилмоқда.

Ўзбекистонда йирик-узелли йиғиш усули билан ишлаб чиқариладиган ва республика ҳудудига тижорат мақсадларида олиб кириладиган транспорт воситалари, электробус ва элетромобилларга хорижий давлатларининг мавжуд сертификатлари ёки аккредитацияланган лабораториялари томонидан тақдим этилган синов баённомалари асосида ҳамда Ўзбекистонда аккредитацияланган лабораторияларнинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, транспорт воситасини турини маъқуллаш ҳужжатларини расмийлаштиришга рухсат бериш таклиф қилинмоқда.

Транспорт воситасини турини маъқуллаш — бу мамлакатда илгари фойдаланилмаган маълум бир автомобиль модели учун техник хусусиятларнинг қонунийлиги ва хавфсизлигини тасдиқловчи сертификат.

Бундан ташқари, давлат реестрига киритилган транспорт воситасининг турини маъқуллаш ҳужжатлари асосида, жисмоний ва юридик шахслар томонидан ўз эҳтиёжи учун бир календарь йилида республика ҳудудига бир дона такроран олиб кирилган (импорт) шу турдаги транспорт воситаларини, қайта синов ва сертификатлаштирилмасдан эркин муомалага чиқаришга рухсат бериш кўзда тутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 1 январдан бошлаб нафақат ишлаб чиқарувчиларнинг расмий дилерларига, балки бошқа импорт қилувчиларга ҳам янги импорт қилинган автомобилларни сотишга рухсат берилди. Кейинчалик дилерлар ушбу қарорнинг салбий оқибатларини маълум қилди. Қарор лойиҳасида янги импорт қилинган автомобилларни фақат юридик шахслар — ишлаб чиқариш корхоналарининг расмий дилерлари орқали, сервис марказларини ташкил этиш шарти билан сотиш тартибини тиклаш режалаштирилган.

Йил давомида 50 дан ортиқ электромобиль сотган тадбиркорлардан уларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаган ҳолда қувватлантириш станцияларини ўрнатишни талаб қилиш таклиф қилинмоқда.

Божхона қўмитасига қуйидагилар топширилиши режалаштирилган:

  • давлат реестрига киритилган транспорт воситасининг турини маъқуллаш ҳужжатлари асосида жисмоний шахс томонидан республика ҳудудига такроран олиб кириладиган (импорт) шу турдаги транспорт воситаларини эркин муомалага чиқарилиши таъминлаш;
  • юридик шахслар томонидан сертификатлаштириш йўли билан олиб кирилаётган транспорт воситалари сони бир календарь йилида 50 тадан ошган тақдирда уларнинг турини тасдиқлаш ҳужжатисиз божхона расмийлаштирувига ўтказилмаслигини қатъий назоратга олиш;
  • 2024 йилнинг 1 январь кунидан божхона омбори божхона режимига жойлаштирилган товарни бошқа шахсга ўтказиш нормаси транспорт воситаларига нисбатан татбиқ этиш, божхона омбори божхона режимига жойлаштирилган автотранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаш. Яъни, божхона омбори божхона режимига жойлаштирилган транспорт воситасидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш назарда тутилмоқда;
  • транспорт воситасини синаш учун божхона омборидан 3 кунгача олиб чиқишга рухсат бериш.

Бир календарь йили доирасида нафақат Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган, балки унинг ҳудудига олиб кирилаётган барча модификацияларини ҳам ўз ичига олган, тоифасига қараб белгиланган бир турдаги автотранспорт воситалари (шассилари) сони автотранспорт воситаларининг (шассиларнинг) кичик партияси деб тан олиниши режалаштирилмоқда. M1, M2, M3, N1, N2, N3, O1 — O4, L1 — L7 тоифаларидаги автомобиллар учун кичик партиянинг максимал ҳажми 50 дона бўлади.

Бундай ҳолда, сотувчи автотранспорт воситаларига хизмат кўрсатиш (сервис)ни ташкил қилишни таъминлаши керак.

Агар илгари ўтказилган тестлар баённомалари эътироф этилган бўлса, баённомалар бўйича даъво муддати улар рўйхатга олинган кундан бошлаб уч йилдан (ҳозир икки йилдан) ошмайди.