2024 йилнинг биринчи ойи ҳарорат тартиби бўйича меъёрга яқин, баъзи жойларда меъёрдан 1−1,5 даражага юқори бўлади, деб хабар қилди Ўзгидромет хизмати агентлиги.

Январь қуруқ ва нисбатан илиқ об-ҳаво билан бошланади. Ойнинг биринчи беш кунлигида Ўзбекистон ҳудуди бўйича асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. 1−3 январь кунлари кундузги ҳаво ҳарорати +6…+11 даража илиқ атрофида, 4−5 январь кунлари эса 1−3 январга нисбатан 3−5 даражага юқори бўлади.

Кейинчалик ойнинг охиригача ҳарорат кечалари 0…+5 даража илиқдан −3…−8 даража совуққача, кундуз кунлари +10…+15 даража илиқдан 0…+5 даража илиққача ўзгариб туриши кутилмоқда. Ҳарорат кечалари қисқа даврга −10…−13 даража совуққача пасайиши ва кундузи +16…+18 даража илиққача кўтарилиши мумкин.

Ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчиликлар январь ойининг биринчи ўн кунлиги охирида, шунингдек, иккинчи ва учинчи ўн кунликларнинг айрим кунларида кутилмоқда. Умуман олганда, ой учун ёғингарчилик миқдори меъёр атрофида, баъзи жойларда меъёрдан кам бўлиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда январь ойи одатда қандай бўлади?

Январь — қишнинг ўртаси, иқлим хусусиятларига кўра йилнинг энг совуқ ойидир. Бироқ ҳар доим бундай бўлмайди. 2002−2003 йилларнинг қиш мавсумида декабрь энг совуқ ой бўлиб, у январь ва февраль ойларига нисбатан анча совуқ бўлган. 2013−2014 йилларнинг қиш мавсумида эса февраль ойи декабрь ва январь ойларига нисбатан анча совуқ бўлган.

Сўнгги 30 йил ичида (1994−2023 йиллар) 2016 йилнинг январь ойи энг илиқ бўлиб, бунда ўртача ойлик ҳаво ҳарорати барча жойларда меъёрдан 3−6 даражага юқори бўлди.

Бироқ январь ойида энг юқори ҳарорат қийматлари ушбу ўттиз йилликнинг — 2002, 2007, 2021 йилларида — +20…+25 даража илиққача, шимолда +13…+16 даража илиққача бўлиши кузатилган.

Сўнгги 30 йил ичида 2008 йилнинг январь ойи энг совуқ бўлди. Республика ҳудуди бўйича ўртача ойлик ҳаво ҳарорати меъёрдан 8−12 даражага паст бўлди. Шу йилнинг ўзида республика ҳудудининг катта қисмида энг паст ҳаво ҳарорати кузатилди. Минимал ҳарорат −17…−24 даража совуққача, шимолда −30…−32 даража совуққача пасайди.

2023 йилнинг январь ойи ҳам жуда совуқ бўлди. Ўртача олганда, у 2008 йилдагидек совуқ эмас, меъёрдан 4−7 даражага паст бўлди. Аммо ойнинг ўрталарида марказий вилоятларда ва Фарғона водийсида ҳаво ҳарорати баъзи жойларда 2008 йилга нисбатан паст — −25…−29 даража совуққача бўлган қийматларгача пасайди. Тошкентда 2023 йил январь ойида ҳавонинг минимал ҳарорати 19,8 даража совуқни, 2008 йил январь ойида эса 17,4 совуқни ташкил этди.

1994−2023 йиллар учун январь ойида максимал ва минимал ҳаво ҳарорати.1994−2023 йиллар учун январь ойида максимал ва минимал ҳаво ҳарорати.

Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида январь ойида ёғингарчилик 25 мм дан 45 мм гача, шимолда, чўл ҳудудларида ва Фарғона водийсида 10−22 мм, тоғ олди ҳудудларда 65−90 мм, баъзи жойларда 110 мм гача (бу кўп йиллик давр учун ўртача) бўлди.

Ҳудудда жуда қуруқ январь ойлари ҳам бўлади. Сўнгги 30 йил ичида бундай январь ойлари 2018 ва 2021 йилларда кузатилган. Бунда ҳудуднинг катта қисмида ёғингарчилик ойлик меъёрдан 40% га кам бўлди.

2005 ва 2014 йилларнинг январь ойлари энг нам бўлиб, бунда ҳудуднинг катта қисмида ёғингарчилик миқдори меъёрдан бир ярим баравар кўп бўлди.

Кузатилган глобал исиш фонида январь ойида текислик ҳудудларда ва ҳатто тоғолди ҳудудларда ёғингарчилик ёмғир кўринишида ёғди. Бунинг ҳисобига текислик ҳудудларда қор қоплами кўпинча қисқа муддатга (5 кундан кам) ва баъзида эса қор қоплами умуман шаклланмайди.

Сўнгги 30 йил ичида 2008 йилнинг январь ойи энг қорли бўлди. Республика ҳудуди бўйича қор қоплами кузатилган даврнинг давомийлиги 25 кундан 31 кунгачани ташкил этди, қорнинг максимал баландлиги эса 24−60 см га, жанубда 15−21 см га етди.