Элёрбек Раҳматиллаевич Каримов 29 декабрь куни Андижон вилояти Избоскан тумани ҳокими лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Элёрбек Каримов 1986 йилда айни шу туманда туғилган. 2008 йилда Андижон қишлоқ хўжалик институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида ғазначилик ҳамда молия тизимининг туман ҳамда вилоят идораларида масъул лавозимларда, шунингдек, Избоскан тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари, вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.

Ушбу лавозимга тайинлангунига қадар Савдо-саноат палатаси Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи (в.в.б.) лавозимида фаолият юритаётганди.

10 декабрь куни 2018 йилдан бери Избоскан тумани ҳокими сифатида ишлаб келган Серобиддин Исмоилов ишдан олинганди. Орадан бир неча кун ўтиб, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва ер бериш тартибини бузишда айбланган Исмоилов қамоққа олинган.

19 кун давомида туман ҳокими вазифасини биринчи ўринбосар Ҳожиакбар Умаров вақтинча бажариб турди.