Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан ўтказилган тергов-тезкор ҳаракатлари давомида жиноий фаолият олиб борган бир нечта шахслар гумонланиб ушланди, дея хабар бермоқда бошқарма матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, улар Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми (жуда кўп миқдорда товламачилик) билан қўзғатилган жиноят иши бўйича гумонланувчи сифатида жалб қилинган.

Ҳибсга олинганлар рўйхати:

  • 1983 йилда туғилган Мирхожаев Мирсолих Миркамолович (165-модда 2-қисми, кўп миқдорда товламачилик, 277-моддаси 2-қисми бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик);
  • 1995 йилда туғилган Шомуродов Лазиз Юнус ўғли (165-модда 3-қисми, жуда кўп миқдорда товламачилик; 277-модда 2-қисми, бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик);
  • 1980 йилда туғилган Самиев Шерзод Латифович (165-модда 3-қисми, жуда кўп миқдорда товламачилик; 277-модда 2-қисми, бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик);
  • 1991 йилда туғилган Акрамов Акрамжон Давлатбой ўғли (165-модда 3-қисми, жуда кўп миқдорда товламачилик);
  • 1996 йилда туғилган Алиев Азизжон Вали ўғли (165-модда 3-қисми, жуда кўп миқдорда товламачилик);
  • 1995 йилда туғилган Бобоназаров Равшан Абдурахмон ўғли (165-модда 3-қисми, жуда кўп миқдорда товламачилик).
  • 1995 йилда туғилган Муминов Беҳруз Холмурод ўғли (165-модда 3-қисми, жуда кўп миқдорда товламачилик);
  • 1986 йилда туғилган Юлдашев Анвар Бахтиёрович (277-модда 2-қисми, бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик);
  • 1988 йилда туғилган Умирзоков Дилшод Бурибаевич (277-модда 2-қисми, бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик);
  • 1994 йилда туғилган Усманов Сирожиддин Иномжон ўғли (277-модда 2-қисми, бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик).

«Ушбу шахслар таҳдид ва куч ишлатиш йўли билан пул маблағларини қонунга хилоф равишда қўлга киритиш билан шуғулланган», — дейилади хабарда.

Гумон қилинувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов давом этмоқда.

Фуқаролардан ушбу шахслардан ёки гуруҳ аъзоларидан жабр кўрганлар бўлса ёки ушбу шахсларнинг жиноий хатти-ҳаракатлари бўйича маълумотларга эга бўлсалар, Тошкент шаҳар ИИББнинг 71 206 45 69, 71 206 49 46 ёки 102 рақамларига ёхуд 99 370 73 94 Telegram рақамига мурожаат қилишлари сўралди.

Аввал хабар қилинганидек, Тошкент шаҳрида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан «кўча боллари» ва жиноий гуруҳларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказилмоқда. Тезкор чора-тадбирлар пойтахтда жиноятчилик билан боғлиқ вазиятни яхшилашга қаратилган.

Ўтган ҳафтада Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари «Саидазиз медгородок» лақаби билан машҳур Саидазиз Сайдалиевни қўлга олган. Бошқарма маълумотларига кўра, у ва яна бир неча киши товламачилик иши бўйича гумонланувчи сифатида ҳибсга олинган. Маълум қилинишича, улар пул эвазига одамларни қарзини ундириб берган.

3 декабр куни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари «Бахти Ташкентский» лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаевни пойтахтда ушлаган.