Шахрух Шатургунович Шарахметов Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси лавозимидан озод этилди, деб хабар бермоқда ЎзА.

Қайд этилишича, бу ўзгариш унинг бошқа ишга ўтиши муносабати билан амалга ошган.

Шавкат Мирзиёев 9 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Шарахметовнинг 2021 йил март ойидан буён эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласини ўрганиш бўйича топшириқ берган.

Ўша куни йиғилишда йирик савдо тармоқларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тенг шароит яратилмагани, улардан маҳсулот пулини олишдаги муаммолар, аҳолида маҳсулот сифати ва нарх-навоси бўйича шикоятлар кўплиги Рақобат қўмитаси фаолиятидаги жиддий камчиликлардан далолат экани таъкидланган.

Шахрух Шарахметов 1977 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1998 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 1999 йилда эса Буюк Британиянинг Эксетер университетини тамомлаган.

Турли йилларда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Президент администрацияси Ижро этувчи аппарати, Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа ташкилотларда ишлаган.