Шахрух Шатургунович Шарахметов Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси лавозимидан озод этилиши мумкин. Шавкат Мирзиёев 9 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда унинг 2021 йил март ойидан буён эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласини ўрганиш бўйича топшириқ берди.

Йиғилишда йирик савдо тармоқларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тенг шароит яратилмагани, улардан маҳсулот пулини олишдаги муаммолар, аҳолида маҳсулот сифати ва нарх-навоси бўйича шикоятлар кўплиги Рақобат қўмитаси фаолиятидаги жиддий камчиликлардан далолат экани таъкидланди.

Йиғилишда сут ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш масаласи кўриб чиқилди. Сариёғ экспортига чекловни бекор қилиш, сут етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини ишлаб чиқиш бўйича ҳукуматга топшириқ берилди.

Давлат раҳбари йирик чакана савдо тармоқларида сотилаётган қуруқ ва табиий сутдан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни алоҳида белгилаш амалиётини жорий этиш, кўчма гўшт-сут шохобчаларини ташкил қилиш зарурлигини таъкидлади.