Тошкент шаҳрининг Бобур ва Фурқат кўчаларида синов тариқасида «ақлли» бекатлар ташкил этилади, деб хабар қилди пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.

Уларда жамоат транспорти йўловчилари ва бошқалар ўз мобил қурилмаларини қувватлантириши, Wi-Fi тармоғидан фойдаланиши ҳамда электрон таблода кутилаётган автобус келишига қанча вақт қолганлигини кўришлари мумкин бўлади. Шунингдек, бекат видеокузатув тизими билан ҳам жиҳозланиб, янада кенгроқ бўлади.

Бундан ташқари, Муқимий номидаги театр олдида автомобиллар учун пулли тўхташ жойлари ва электр транспорт воситаларини қувватлантириш жойлари синов тариқасида ташкил қилинади. Шунингдек, велосипед ва самокатлар учун бепул тураргоҳлар ташкил этилади.

«Бу мазкур манзилда йўл бўйида тўхташ жойлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаши ва кикшеринг фойдаланувчилари учун қўшимча қулайлик бўлиши кутилмоқда», — дейилади пойтахт маъмурияти баёнотида.

Шунингдек, ҳокимлик юқорида тилга олинган кўчаларда режалаштирилган ишлар ҳақида кейинги нашрларда батафсил тўхталиб ўтишга ваъда берди.

Бекатлар

2020 йил охирида Тошкент шаҳридаги барча автобус бекатларини ягона концепция бўйича янгилаш режалаштирилгани ҳақида Транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраев маълум қилганди. Автобусларнинг келиш жадвали кўрсатилган таблолар жойлаштириш ва бошқа қулайликлар (Wi-Fi, мобил қурилмалар учун зарядлаш станциялари, банкоматлар, камералар, чиқинди қутилари) яратиш таклиф қилинди.

Лойиҳада автобус бекатларида дўконлар бўлиши назарда тутилмаган. Шу билан бирга, тадбиркорлар LED экранларда маҳсулот ва хизматларни реклама қилиш орқали даромад олишлари кутилган эди.

Ўзбекистон президентининг 2022 йил февралдаги қарори билан бекатлар учун янгиланган талаблар белгиланди. Ҳаракати чекланган кишилар учун тўсиқсиз ҳаракатланиш учун шароит яратиш, йўл чегарасига «тактил» плиткалар, қулай ўриндиқлар ўрнатиш, Wi-Fi, автобусларни кузатиш учун электрон дисплейлар ўрнатиш режалаштирилган эди.

«Бундай бекатларда фақат реклама материаллари, банкоматлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш учун мўлжалланган ўзига хизмат кўрсатиш автоматлари (вендинг) ўрнатилади», — дейилади қарорда.

2022 йил апрель ойида Тошкент ҳокимлиги намунавий лойиҳалар асосида ўша йилнинг биринчи чорагида пойтахтдаги 14 та автобус бекатлари реконструкция қилинганини маълум қилган эди.

Пулли автотураргоҳлар

2022 йил апрель ойида Транспорт вазирлиги ҳузуридаги «Тошкент транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳалари бошқармаси» директори Мурод Обидов 1 ноябргача Тошкентнинг 10 та марказий кўчасида пулли автотураргоҳларни жорий этиш ниятида эканлигини маълум қилган эди.

Ноябрь ойида ислоҳотларни амалга ошириш йил охиригача қолдирилди. Шу билан бирга, пойтахт транспорт бошқармаси биринчи пулли автотураргоҳларнинг макет режаларини эълон қилди. 2251 та автомобилга хизмат кўрсатиш учун 57 та паркомат ўрнатиш, 2 та эвакуатор ва 2 та тўхташ жойи ва йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишни назорат қилувчи электрон тизим (паркон) харид қилиш режалаштирилган эди.

2022 йил декабрь ойида Тошкент шаҳар ҳокими ўз қарори билан Транспорт бошқармасининг аввал эълон қилинган схемаси бўйича биринчи йўл бўйида автотураргоҳлар ташкил этишни маъқуллади. Kasy Park компанияси тизимни давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиши, марказий кўчаларга автотураргоҳлар ўрнатиши керак эди.

2023 йил февраль ойида Ўзбекистон президенти шаҳарнинг 20 та кўчасида 10 мингта автомобиль учун пулли тўхташ жойлари жорий этилишини маълум қилган эди.

«Газета.uz» бунга қадар ҳам Тошкентдаги тартибсиз автотураргоҳлар муаммолари ҳақида бир неча бор ёзган эди. Автомобиллар жамоат жойларини эгаллаб, пиёдалар йўлакларида пиёдалар йўлини тўсиб қўяди, жамоат транспорти ҳаракатига тўсқинлик қилади, автобус бекатларига кириш ва ажратилган йўлакларни тўсиб қўяди.