Тошкент шаҳрида намунавий лойиҳалар асосида 14 та автобус бекати реконструкция қилинди, дея хабар берди Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси матбуот хизмати.

Маълум бўлишича, бекатлар президентнинг 2 февралдаги [ПҚ-111-сон] қарори ижроси бўйича реконструкция қилинган.

Бунга қадар, 24 февралда пойтахтдаги автобус бекатларини ягона дизайн асосида қайта қуришга оид шаҳар ҳокимининг қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилганди. Унда ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус пандус, 4G Wi-Fi, электрон табло, кузатув камераси, чиқинди қутиси ва LED экран ўрнатилиши назарда тутилганди.

Бироқ, ҳозир реконструкция қилинган янгича бекатларда фақатгина LED экранли мониторларгина борлигини кўриш мумкин.

Яна бир тажриба

Шундан келиб чиқиб, батафсилроқ маълумотлар олиш мақсадида «Газета.uz» мухбири Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси матбуот хизмати ходими билан боғланди.

Ҳозир мазкур намунавий лойиҳадаги бекатлар тажриба тариқасида ўрнатиб чиқилаяпти. Шунингдек, жорий йилда шаҳарда 280 та бекатни босқичма-босқич реконструкция қилиш назарда тутилган.

«Бу бекатларнинг лойиҳаси Транспорт вазирлиги ва Қурилиш вазирлиги билан биргаликда келишилган ҳолда ишлаб чиқилди ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигига тасдиқлаш учун киритилди. Агар Тошкент шаҳар ҳокимининг замонавий дизайндаги бекатлар бўйича қарор лойиҳаси ҳам тасдиқланса, у ҳолда ўша бекатлар туман ҳокимликларида ўтказиладиган аукционларга қўйилади», — дейилади хабарда

Қайд этилишича, бекатлар аукцион орқали тадбиркорларга сотилади ва улар белгиланган талабга кўра, ундан фойдаланиши мумкин бўлади.

Бу каби бекатларда автобуслар келиш вақтини кўрсатадиган монитор, вендер, бепул Wi-Fi ва имконияти чекланган шахсларга қатор қулайликлар мавжуд бўлади. Агар тадбиркор талабда белгиланган тартибда бекатни жиҳозламаса у билан тузилган аукцион шартномаси бекор қилинади.

«Бекатлар ногиронлиги бўлган инсонлар учун пандус билан жиҳозланган бўлиши керак. Бекатлар тротуар садҳи билан бир ҳил бўлиши керак. [Тажриба сифатида ўрнатилган] бекатдаги орқа томондаги очиқ жойдан пиёдалар йўли билан ногиронлар аравачасида кириб келиш мумкин. Яъни, пиёдалар йўлаги билан бир сатҳдаги бекатларга пандус қўйиш назарда тутилмаган, лекин бошқа вазиятларда пандус қўйилади», — дейилади изоҳда.

Таъкидланишича, Транспорт бошқармаси ҳар йили шаҳардаги бекатларни хатловдан ўтказади.

«Масалан, қаерда қандай бекат бор, қаерда бекат умуман йўқ, яъни бекатлардаги умумий камчиликлар тўғрисида шаҳар ҳокимиятига маълумот сифатида киритамиз. Рекламаларнинг жойлаштирилиши бўйича бизларда маълумот йўқ», — дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар ҳокимининг 24 февралда жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган қарор лойиҳаси урбанистлар билан биргаликда қайта кўриб чиқилмоқда. Демак ҳоким қарори ҳануз қабул қилинмаган ва автобус бекатларини қуриш ёки реконструкция қилиш борасида ягона дизайн тасдиқланмаган.

Бу биринчиси эмас

Эслатиб ўтамиз, 2016 йилда Тошкент шаҳрида барча томони ойна билан ўралган бекатлар пайдо бўлишни бошлаганди. Ўшанда бекатлар майдони тадбиркорларга берилиб, унинг бир қисмида дўкон қуриш эвазига бекатнинг қолган қисмини таъмирлаш, ойналарни ўрнатиш, ўриндиқлар жойлаштириш ва кондиционер билан таъминлаш талаб қўйилганди. Шунингдек, ўша йилда қувватлаш ускуналари ўрнатилган бекатлар сони янада кўпроқ бўлиши белгиланганди.

Бундан кейин ҳам бекатларни ягона дизайн асосида қайта қуриш бўйича таклифлар билдирилганди. Мисол учун 2020 йилнинг декабрида пойтахт транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраев пойтахтда автобус бекатлари дўконларсиз бўлишини маълум қилганди.

Буни назарда тутувчи Тошкент ҳокимининг қарори лойиҳаси 2019 йилдаёқ жамоатчилик муҳокамасига қўйилган, бироқ, қабул қилинмаган. Бекатларда электрон табло, WI-FI, кузатув камераси, замонавий дизайндаги ўриндиқлар, мобил қурилмалар қувватлаш манбалари, пандуслар ўрнатилиши 2020 йилдан бери режалаштирилиб келинади.

Шунингдек, 2021 йилда пойтахт ҳокими Муқимий кўчасида автобуслар учун 3 кмлик алоҳида йўл ҳаракатланиш бўлагини ажратиш кўзда тутилган қарорни имзолаганди. Бундан ташқари, автобус бекатларини янгилаш режалаштирилаётгани ва йўл ўтказгичлар қурилиши давом эттирилишини айтилганди.

Фото

Қуйида Тошкент шаҳри кўчаларида янги дизайнда реконструкция қилинган бекатлар манзиллари ва суратларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Мирзо Улуғбек тумани, Мирзо Улуғбек кўчаси, «Шифокорлар малакасини ошириш институти» бекати.

Яшнобод тумани, Оҳангарон шоссеси кўчаси, «Тузель 2-мавзеси» бекати.

Бектемир тумани, Тошкент халқа автомобил йўли кўчаси, «Қўйлиқ деҳқон бозори» бекати.

«Қўйлиқ бозоридаги жой ўзгариши ҳам мумкин. Бозор бошқа жойга кўчадиган бўлса, бу ердаги бекатнинг ҳам жойи ўзгаради. Бу тажриба тариқасида ўрнатилган», — дейилади Транспорт бошқармаси хабарида.

Миробод тумани, Миробод кўчаси, «Чехов кўчаси» бекати.

Чилонзор тумани, Чўпонота кўчаси, «Мирзо Улуғбек метроси» бекати.

Чилонзор тумани, Кичик халқа автомобиль йўли кўчаси, «Чилонзор 11-даҳа» бекати.

Шайҳонтохур тумани, Кўкча Дарвоза кўчаси, «Кўкча Оқлон маҳалласи» бекати.

Юнусобод тумани, Амир Темур шоҳ кўчаси, «Юнусобод деҳқон бозори» бекати.

Юнусобод тумани, Амир Темур шоҳ кўчаси, «Юнусобод туман ҳокимияти» бекати.

Миробод тумани, Фарғона йўли кўчаси, «Тепловоз депоси» бекати.

Миробод тумани, Фарғона йўли кўчаси, «Электроаппарат ИЧБ» бекати.

Миробод тумани, Фарғона йўли кўчаси, «Масжид» бекати.

Миробод тумани, Фарғона йўли кўчаси, «Файзобод кўчаси» бекати.

Миробод тумани, Фарғона йўли кўчаси, «Мўйноқ кўчаси» бекати.