Тошкентдаги ер усти жамоат транспорти тўхташ жойларининг ягона ташқи кўриниш концепцияси ишлаб чиқилмоқда, дея маълум қилди пойтахт транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраев пайшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Автобус бекатларини намунавий лойиҳа асосида ташкил этиш масаласи Тошкент шаҳар ҳокими қарори лойиҳасида кўзда тутилган эди, дейилади Транспорт бошқармаси пресс-релизида. Ҳужжат муҳокамаси ўтган йили якунланган, аммо ҳозирга қадар у қабул қилинмаган.


Фото: Транспорт бошқармаси.

Транспорт бошқармасидан «Газета.uz»га маълум қилинишича, тажриба лойиҳаси доирасида Паркент ва Махтамқули кўчалари кесишмасидаги «Механика заводи» автобус бекатида ҳамда Аҳмад Дониш кўчаси билан Амир Темур шоҳ кўчаси «Юнусобод бозори» тўхташ жойида янги кўринишдаги конструкциялар ўрнатилди.

Уларда бекат дизайни билан бир қаторда, банкоматлар, савдо автоматлари, бепул wi-fi, автобус маршрутлари жадвали ва келиш вақти кўрсатилган электрон доска, шунингдек, кузатув камералари, чиқинди қутилари ва мобил қурилмалар учун қувват манбалари бўлиши керак. Бундан ташқари, бекатларда ногиронлар учун пандуслар ўрнатилиши ҳам кўзда тутилган.


Автобус бекати дизайни, Тошкент транспорт бошқармаси тақдимотидан.

Бугунги кунда пойтахтда 2176 та автобус бекати мавжуд, деб таъкидлади Анвар Жўраев. Уларнинг 400 дан ортиғида умуман конструкциялар мавжуд эмас.

Транспорт бўлими бошлиғи мавжуд тўхташ жойларининг асосий муаммоларини санаб ўтди. Уларнинг аксарияти дўконларга айланган, деди у. Йўловчилар учун ноқулайлик шундаки, дўконлар ишлай бошлагандагина бекатлар очилади. Автобус бекатларидаги дўконлар ёпилса, хусусий автоулов ҳайдовчилари тўхташ жойларини эгаллаб олмайдилар, жамоат транспорти йўллари ҳам бўшайди, деди Анвар Жўраев.