Ўзбекистон ва Афғонистон темирйўл компаниялари раҳбарлари Ҳайратон — Найбобод — Мозори Шариф темирйўлининг бир қисмини таъмирлаш бўйича келишиб олди, деб хабар қилди «Ўзбекистон темир йўллари» (ЎТЙ) матбуот хизмати.

8 ноябрь куни ЎТЙ раҳбари Зуфар Нарзуллаев ва Афғонистон темирйўллари бошқармаси бошлиғи Бахт-ар-Раҳмон Шарафат қурилиш ишларини эрта бошлаш бўйича келишувга эришди.

Участкани реконструксия қилиш ишлари «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси мутахассислари томонидан амалга оширилади. «Ушбу ҳамкорлик савдо-иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилиб, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги темирйўл алоқаларини ривожлантириш учун янги истиқболларни очиб беради», — дейилади хабарда.

Афғонистон томонининг хабар қилишича, темир йўл участкасининг таъмирталаб қисми мавжудлиги сабаб «Ўзбекистон темир йўлари»га таъмирлаш ишларини имкон қадар тез ва энг кам харажат билан амалга ошириш таклиф қилинган. Афғонистон темир йўл бошқармаси маълумотларига кўра, ЎТЙ раҳбари Зуфар Нарзуллаев ишларни «мамлакатлар ўртасидаги яхши қўшничилик муносабатларини ҳисобга олган ҳолда 50 фоизлик чегирма билан сифатли ва қулай нархда бажаришга» ваъда берган.

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти Ҳайратондан Мозори Шарифгача бўлган линия қурилишини 2010 йил ноябрь ойида якунлаган. Унинг узунлиги 75 км, лойиҳа қиймати эса 129 миллион долларни ташкил этган. Компаниянинг «Сўғдиёна Транс» шўба корхонаси 2011 йил декабрь ойида Афғонистонда ушбу линиядан фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш мақсадида очилган.

2022 йил апрель ойида «Ўзбекистон темир йўллари» темир йўл линиясини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкинлиги маълум бўлган. Чунки Афғонистонда операцион шартномаларни қайта кўриб чиқиш ҳамда бошқарувни ҳукумат хизматлари анча арзон бўлишини кутаётган маҳаллий компанияларга топшириш режалаштирилганди.

2022 йил декабрь ойида Афғонистоннинг TOLOnews нашри Қозоғистоннинг Мансур Фотиҳ компанияси Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўли участкасига хизмат кўрсатиш бўйича шартнома олгани ҳақида хабар берган, бироқ Ўзбекистон кейинчалик бу маълумотни рад этиб, музокаралар давом этаётганини билдирган.

1 февраль куни Ўзбекистон Афғонистонга «мамлакат темирйўлчилари режалаштирилган техник ишларни бажаришга улгурмаган» учун темир йўл қатновини тўхтатган. «Сўғдиёна Транс» компанияси ва Афғонистон темир йўл маъмурияти ўртасида янги шартнома имзоланганидан сўнг Ғалаба — Ҳайратон темир йўлининг Афғонистонга йўналиши бўйлаб ҳаракатланишни очиш режалаштирилган. 10 кундан кейин юк ташиш қайта тикланган ва шартнома 12 февралда имзоланган.

Октябрь ойи охирида бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Афғонистонга ташриф буюрган. Томонлар товар айирбошлаш ҳажмини йилига 3 млрд долларга етказмоқчи. «Толибон», шунингдек, Афғонистон юкларининг Ўзбекистон орқали транзити учун тўловларни камайтиришни сўраган.