Афғонистон шимолида кучли ёмғирлар келтириб чиқарган сув тошқинлари оқибатида камида 150 киши ҳалок бўлди, 100 дан ортиқ киши жароҳатланди. Бу ҳақда «Толибон» расмийларига таяниб, BBC хабар бермоқда.

Бағлон вилоятининг беш туманида кучли ёғингарчилик туфайли ўнлаб одамлар бедарак йўқолган, қурбонлар сони ортиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган.

Ижтимоий тармоқлардаги суратларда бир қанча қишлоқлардан оқиб ўтаётган сув оқими вайронагарчиликларни келтириб чиқаргани акс этган.

Мамлакатда сўнгги бир неча ҳафта ичида ғайриоддий кучли ёғингарчилик кузатилди, апрель ойининг ўрталаридан бери сув тошқинлари кўплаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди. Афғонистон ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Абдулматин Қани BBC нашрига Бағлон вилоятида камида 131 киши, Таҳорда эса 20 киши ҳалок бўлганини айтди.

Ҳалок бўлганларнинг кўпчилиги Бағлоннинг Борка туманидан бўлиб, у ерда 200 дан ортиқ одам ўз уйларида қамалиб қолган. Расмийлар аввалроқ вертолётлар пойтахт Кобулдан тўғридан-тўғри шимолда жойлашган Бағлонга жўнатилганини, аммо тунги кўриш чироқлари етишмаслиги сабабли «операция муваффақиятли ўтмаганини»ни айтган.

Уйидан айрилган баъзи оилаларга чодир, кўрпа-тўшак ва озиқ-овқат билан таъминланди, дея қўшимча қилди расмийлар. Кобулни Афғонистон шимоли билан боғловчи асосий йўл ёпилган.

Бу сафарги ҳодиса ўтган ой мамлакат ғарбида содир бўлган сув тошқини ўнлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган, минглаб одамлар гуманитар ёрдамга муҳтож бўлиб қолганидан кейин содир бўлди. Шунингдек, 2000 га яқин уй, учта масжид ва тўртта мактаб зарар кўрди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, қишнинг нисбатан қуруқ бўлгани тупроқнинг ёғингарчиликни ўзлаштиришини қийинлаштирган.

Афғонистонда кучли ёмғир ва сув тошқини ҳар йили одамларнинг ҳаётига зомин бўлади, қишлоқ жойларида қурилган айрим уйлар, айниқса, бу каби ҳодисалар олдида заифлик қилади. Мутахассисларнинг фикрича, Афғонистон дунёнинг иқлим ўзгариши таъсиридан энг кўп азият чекаётган давлатлари қаторига киради.

«Толибон» ҳукумати матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид шанба куни ижтимоий тармоқдаги постида «Юзлаб одамлар бу даҳшатли сув тошқини туфайли ҳалок бўлди, катта қисми эса жароҳат олди. Тошқинлар шимоли-шарқдаги Бадахшон, шунингдек, Ғор ва ғарбий Ҳирот вилоятлари ҳам жиддий таъсир кўрсатди. Катта вайронагарчилик, катта молиявий йўқотишларга олиб келди», — деб ёзди.