Ўзбекистоннинг 14 та чекка тумани ва 1 шаҳрида IT-шаҳарчалар ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, уларда 10 мингга яқин ёшлар IT, хорижий тиллар ва замонавий касбларни бепул ўрганади. Душанба куни Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган рақамли технологияларни ривожлантириш ва соҳада ёшларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларига бағишланган тақдимотда шулар ҳақида сўз борди.

Гап Чимбой, Ғиждувон, Зомин, Шароф Рашидов, Фориш, Хатирчи, Поп, Шаҳрисабз, Қўшработ, Сариосиё, Сирдарё, Паркент, Тошлоқ ва Тупроққалъа туманлари ҳамда Хонобод шаҳри ҳақида кетмоқда.

Тақдимотда таъкидланишича, ҳозирда IT-хизматлар ва экспортнинг асосий улуши соҳа мутахассисларининг 80 фоизи яшайдиган Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда.

Президент шаҳарчалар ёшлар учун қулай жойда бўлиши, уларда юқори малакали мутахассислар дарс бериши зарурлигини таъкидлади.

«Шиддат билан ўзгараётган даврда ҳамма соҳага ахборот технологияларини биладиган кадрлар керак. Бу соҳада хизматлар учун ҳам, экспорт учун ҳам энг асосий ресурс бу — малакали мутахассислар. IT-шаҳарчалар бу йўлда ёшларга қанот бўладиган, замонавий касбларга ўргатадиган тизим бўлиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

it-шаҳарчалар, it-парк, акт

Тадбирда IT-стартап танловларининг шаффофлигини ошириш ва лойиҳа натижалари асосида грантлар ажратиш зарурлиги муҳокама қилинди. IT-парк доирасида IT таълим ва дастурий маҳсулот йўналиши стартаплари ўртасида 1 миллиард сўмгача бўлган соврин учун танлов ўтказиш таклиф этилди.

Рақамли технологиялар соҳасини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида сунъий интеллект ва космик фаолиятга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш вазифаси қўйилди.

Тақдимотда Ягона коммунал хизматлар платформаси ҳам тақдим этилди. Тизим истеъмолчиларга 8 та коммунал ташкилот хизматлари учун тўловларни амалга ошириш, шунингдек, 14 дан ортиқ идоралар маълумотларини бир жойда йиғиш ва автоматик равишда тақсимлаш имконини беради.

Эълон қилинган маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатда IT-компаниялар сони 2000 га яқинлашмоқда (2017 йилда — 150 дан кам), уларда 30 минг киши ишлайди. 70 мингдан ортиқ ёшлар IT билан мустақил шуғулланади.

Жорий йилнинг ўтган тўрт ойида соҳадаги хизматлар ҳажми 20 фоиз ўсган, 200 миллион долларлик экспорт қилинган, 5 мингта иш ўрни яратилган.