Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Афғонистон ҳукумати билан музокаралар ўтказиш учун 29−30 октябрь кунлари Кобулда бўлди, дея хабар қилди Афғонистон саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

афғонистон, жамшид ходжаев

Делегация таркибидан энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, транспорт вазири Илҳом Махкамов, сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраев, кончилик ва геология вазири Бобир Исломов, қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов, президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев ва бошқалар, шунингдек, 45 нафар бизнес вакиллари ўрин олди.

Ташрифдан кўзланган мақсад ўзаро савдони ривожлантириш, икки давлат ўртасидаги транзит масалаларини ҳал этиш, шунингдек, Кобул шаҳрида савдо кўргазмасини очишдан иборат бўлди.

TOLOnews хабарига кўра, бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев Афғонистон муваққат ҳукуматининг бир қанча расмийлари, жумладан, бош вазирнинг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари в. б. Мулла Абдул Ғани Барадар билан учрашув ўтказди. Томонлар темир йўл, транспорт, тоғ-кон саноати, сув ресурсларини бошқариш ва афғон ёшлари учун таълим олиш имкониятларини кенгайтириш каби соҳалардаги ҳамкорликни муҳокама қилдилар.

«Арг» саройида бўлиб ўтган йиғилишда Ходжаев Афғонистонга тинчлик ва барқарорликни тилаб, бунинг минтақа учун муҳим эканини таъкидлади. У Ўзбекистон Афғонистон билан транзит, савдо ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорлик қилишига ваъда берди.

Афғонистон бош вазири ўринбосари девонига кўра, Барадар афғон юкларининг Ўзбекистон орқали транзити учун юқори тўловлар масаласини кўтариб, уларни камайтиришни сўраган. У, шунингдек, Ўзбекистонни Афғонистон билан савдода мувозанатли балансга эга бўлиши учун махсус имтиёзли савдо тарифларини жорий этиш масаласини кўриб чиқишга чақирди.

Жамшид Ходжаев Афғонистоннинг Ўзбекистонга экспортини ошириш ва икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини йилига тахминан 3 млрд долларга етказиш бўйича ишлаб чиқилган савдо йўл харитасини тақдим этди.

Ҳисоботда Ўзбекистон афғон тадбиркорлари ва ҳайдовчилари учун виза олиш тартибини соддалаштиргани ҳам қайд этилган. Бундан ташқари, Тошкентда Афғонистон маҳсулотлари кўргазмасини ўтказиш, Термизда йирик бизнес маркази очиш режалаштирилган.

Афғонистон саноат ва савдо вазири в. б. Нуриддин Азизий Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 600 млн доллардан 3 млрд долларга ошириш мақсадида келаси ойдан бошлаб Ҳайратон порти кечаю кундуз ва ҳафтада етти кун ишлашини маълум қилди.

Азизий Афғонистон Ўзбекистондан кимё маҳсулотлари, буғдой, қишлоқ хўжалиги техникаси ва бошқа товарларни импорт қилишга тайёрлигини қўшимча қилди.

Ташриф доирасида ўтказилган учрашув ва музокаралар натижасида томонлар қарийб 1,2 млрд долларлик экспорт-импорт шартномаларини имзолади, деб ёзмоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Аввалроқ Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Косимов «Газета.uz»га Ўзбекистон ҳукумат делегацияси йил охиригача Афғонистонга ташриф буюриб, Амударёдан қурилаётган Қўштепа канали бўйича музокаралар олиб боришни режалаштираётгани ҳақида маълум қилганди.