Ўзбекистон қурган ва хизмат кўрсатиб келган Ҳайратон — Мозори Шариф темир йўлини бошқариш бўйича шартномага Қозоғистоннинг Мансур Фотиҳ компанияси эга чиқди, деб хабар бермоқда Tolo News.

Энди Қозоғистон компанияси 106 км темир йўлга хизмат кўрсатади, шунингдек, унинг техник масалаларини ҳам ҳал қилади.

«Биз Ўзбекистоннинг „Сўғдиёна Транс“ компаниясига („Ўзбекистон темир йўллари“ АЖ шўба корхонаси — таҳр.) 15 миллион доллар (илгари 18 миллион доллар деб айтилган эди) тўлаганмиз ва у фақат Ҳайратон портида 22 километрлик йўлга хизмат кўрсатган. Янги компания 106 километрлик йўлга хизмат кўрсатади», — деди Афғонистон темир йўл бошқармаси раҳбари вазифасини бажарувчи Бахт Раҳмон Шарафат.

У Афғонистон янги компанияга йилига 4,1 миллион сал кўпроқ доллар тўлашини маълум қилди.

Мансур Фотиҳ раҳбари ўринбосари Бисенбай Маханов эҳтиёждан келиб чиқиб, ходимлар сонини оширишини айтди. «Биз ушбу шартномани тендер орқали ютиб олдик», — дея аниқлик киритди у.

2022 йил апрелида «Газета.uz» Ўзбекистон ушбу йўлни бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкинлиги, чунки Афғонистон муваққат ҳукумати мамлакатдаги темир йўлларни ўз назорати остига олмоқчилиги ҳақида ёзган эди. Шундан сўнг «Ўзбекистон темир йўллари» Афғонистон темир йўллари (АТЙ) бошқармаси Ҳайратон — Мозори Шариф йўналишида 2011 йилдан буён фойдаланаётган ўзбек компаниясининг ишидан «тўлиқ қониқиш ҳосил қилганини» маълум қилди. Шу билан бирга, афғон матбуоти АТЙ назоратни босқичма-босқич ўз қўлига олишни ният қилганини ёзди.

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти шўба корхонаси «Сўғдиёна Транс» 2011 йил декабрь ойида Афғонистондаги Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўл линиясини бошқариш ва таъмирлаш мақсадида ташкил этилган. «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси 2010 йил ноябрь ойида 129 миллион долларлик 75 км узунликдаги линия қурилишини якунлаган.

Ўтган йил охирида ЎТЙ Афғонистондан юк ташиш ҳажмини ошириш режасини эълон қилди. 2021 йилда Афғонистондан темир йўл орқали 32,4 минг тонна (564 вагон) юк (қуритилган мевалар, картошка, мандарин ва тальк) ташилди. Шу билан бирга, ушбу юкнинг қарийб 16 минг тоннаси Ўзбекистонга, 13,8 минг тоннаси Қозоғистонга, 2570 тоннаси Россияга мўлжалланган.

Афғонистон импортининг ярмига яқини, шунингдек, гуманитар юкларнинг салмоқли қисми ҳам Ҳайратон орқали ўтади.