Тиббиёт ва физиология бўйича Нобель мукофоти Пенсилвания университетидан (АҚШ) Дрю Вайсман ва Каталин Карикога берилди, уларнинг ишлари коронавирусга қарши mRNA вакциналарини яратишга учун асос бўлганди. Бу ҳақда 2 октябрь куни мукофотни топширувчи Стокгольмдаги Қироллик Каролинска тиббий-жарроҳлик институти хабар берди.

Мукофот «COVID-19 га қарши самарали mRNA вакциналарини ишлаб чиқишга имкон берган нуклеозид асослари модификацияларига оид кашфиётлар» учун берилди. Карико ва Вайсманнинг кашфиёти 2020 йил охирида миллионлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолган ва кўплаб одамларнинг оғир касалланишининг олдини олган mRNA`га асосланган иккита муваффақиятли ковид вакцинаси ишлаб чиқилишига олиб келди, дейилади Нобель қўмитаси баёнотида.

«Икки Нобель мукофоти совриндорининг кашфиётлари 2020 йил бошида бошланган пандемия даврида COVID-19 га қарши самарали mRNA вакциналарини ишлаб чиқишда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ўзларининг mRNA`нинг иммун тизимимиз билан ўзаро таъсири ҳақидаги тушунчамизни тубдан ўзгартирган кашфиётлари билан мукофотланганлар замонимизнинг инсон саломатлиги учун энг катта таҳдидлардан бири даврида мисли кўрилмаган тезликда вакцинани ишлаб чиқилишига ўз ҳиссаларини қўшди», — дейилади баёнотда.

Дрю Вайсман ва Каталин Карико. Фото: Peggy Peterson Photography/Penn Medicine.Дрю Вайсман ва Каталин Карико. Фото: Peggy Peterson Photography/Penn Medicine.

Карико ва Вайсман mRNA синтези технологиясини яратди (матрицали рибонуклеин кислотаси, вакциналар яратилиши ҳақида «Газета.uz» алоҳида мақолада маълумот берганди). Маълум бўлишича, инсон танасига белгиланган хусусиятларга эга mRNA киритилганда, ҳужайралар бошқа нарсалар қаторида патогенларга антитаначалар ишлаб чиқариш қобилиятига ҳам эга бўлади. Бу кашфиёт туфайли BioNTech, Pfizer ва Moderna ўзларининг коронавирусга қарши вакциналарини яратишга муваффақ бўлишди, деб ёзади Forbes.

Тиббиёт ва физиология бўйича мукофот Нобель ҳафталигини очиб беради. 3 октябрь куни физика, 4 октябрда кимё, 5 октябрда адабиёт, 6 октябрда Тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндорлари номи эълон қилинади. 9 октябрь куни эса 1968 йилда Швеция Давлат банки томонидан таъсис этилган иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори номи маълум бўлади.

2022 йилда швед биологи, неандерталлар тадқиқотчиси ва одамларнинг янги турини кашф этган Сванте Паабо йўқ бўлиб кетган гоминидлар геноми ва инсон эволюцияси соҳасидаги кашфиётлари учун тиббиёт бўйича Нобел мукофотини қўлга киритди.

2021 йилда инсон танасига ҳарорат ва тегинишни сезиш имконини берувчи рецепторларни кашф этгани учун америкалик тадқиқотчилар Девид Жулиус ва Ардем Патапутян тиббиёт ва физиология бўйича Нобель мукофотини олган.