Пайшанба тонги барчани ларзага солган Сергелидаги портлаш ҳақидаги хабарлар билан бошланди. Воқеа тафсилотлари:

Сергелида кучли портлаш: жароҳатланганлар бор, уй ва бошқа объектларга зарар етган (фото, видео)

Тунда Тошкентнинг Сергели туманидаги омборхонада кучли портлашдан сўнг ёнғин содир бўлди. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар бор. Тармоқлардаги видеоларда уй ва бошқа объектларга жиддий зарар етганини кўриш мумкин. Ёнғин қуршаб олинган, уни ўчириш ишлари давом этмоқда (фото, видео). Ёнғинни ўчиришга 8 соатдан кўпроқ вақт кетди.

Сергелидаги портлаш бўйича жиноий иш қўзғатилди — ИИВ

Сергели туманидаги портлаш бўйича ИИВ Тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми «а» ва «б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилди. «Ҳозирда кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда», — дейилади вазирлик хабарида. Портлаш оқибатида талафот кўрган ҳар битта хонадон инвентаризациядан ўтказилмоқда, деди туман ҳокими Элбек Шукуров. У етказилган зарар тўлиқ давлат томонидан қопланишини таъкидлади. Ҳудудда аҳоли учун овқатланиш ва тиббий хизмат кўрсатиш пунктлари ташкил этилган.

Портлашда 163 киши жароҳатланди — 12:00 ҳолатига кўра

Сергели тумани «Қурувчилар» даҳасидаги портлаш оқибатида 163 киши жароҳатланди, деб хабар берди ССВ. Уларнинг 24 нафари шифохонага ётқизилган, аҳволи ўртача оғир деб баҳоланмоқда. Вазирлик 16 ёшли боланинг ўлимини тасдиқлади. Омборхонада портлаш хавфи бўлган ва ёнувчи моддалар бўлмаган, дея хабар қилди «Газета.uz»га Халқаро логистика маркази (United Cargo Center) вакили.

Сергелидаги портлаш оқибатлари — суратларда

Воқеа ортидан 592 та хонадон, 25 та ҳовли, 1 та мактаб ва 2 та боғчага зарар етди. Янги машиналар шикастланди. «Газета.uz» мухбири Мадина Аъзам ушбу ҳудуддан фоторепортаж тайёрлади.

«Қўрққанимдан қандай қилиб кўчага чиқиб олганимни ҳам билмайман». Сергелиликлар — портлаш ҳақида

Сергелидаги портлаш юз берган вақтида одамлар уйқуда эди. Кўпчилик довдираб қолган, кимдир зилзила бўлаяпти деб ўйлаган, бошқаси боласини бағрига босиб, кўчага отилган. Ҳодисада жабрланган сергелиликлар биринчи таассурот ва энди нима қилмоқчи эканликлари ҳақида «Газета.uz»га гапириб берди.

Сергелидаги портлаш сабабларини ўрганувчи ҳукумат комиссиясига қандай вазифалар юкланди?

Бош вазир ўринбосари Ачилбай Раматов бошчилигидаги ҳукумат комиссиясига уч кун муддатда Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги омборхонада содир бўлган портлаш сабабларини ўрганиш, талафотларни бартараф этиш ҳамда фуқароларга тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш вазифаси топширилди.

ДХШ асосида боғча очиш учун ажратилган кредитларнинг имтиёзли муддати узайтирилди

Давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат боғчаларни очган тадбиркорларга битимга мувофиқ ажратилган имтиёзли кредитлар бўйича имтиёзли давр муддати 2024 йил 1 октябргача узайтирилди.

Суд ҳукми устидан апелляция шикоятини бериш муддати 20 суткадан 10 суткага қисқартирилади

Ўзбекистонда суд ҳукми устидан апелляция шикоятларини бериш муддатлари 20 суткадан 10 суткага қисқартирилади. Шунингдек, суд ҳукми, ажримини ва қарорини ижро этишда юзага келган масалаларни ҳал қилиш тўғрисидаги ажрим устидан хусусий шикоят бериш ва протест билдириш тартиби белгиланди.

Тошкентдан Қарши ва Самарқандга қўшимча электропоездлар ҳаракати йўлга қўйилди

Байрам муносабати билан Тошкентдан Қарши ва Самарқанд шаҳарларига Afrosiyob электропоездларининг қўшимча ҳаракати йўлга қўйилди.

Жалолиддин Машарипов Грециянинг «Пансерраикос» футбол клубига ўтди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчиси Жалолиддин Машарипов Грециянинг «Пансерраикос» футбол клуби билан шартнома имзолади. Спортчи аввал Саудиянинг «Ан-Наср» клубида тўп сурганди.

ЕИ Ўзбекистонда ўсмирлар учун кинематографияни ўргатиш бўйича таълим лойиҳасини амалга оширади

Европа Иттифоқи FOCUS кино ва театр мактаби билан биргаликда болалар учун кинолойиҳани амалга оширмоқда. Ўсмирлар учун бепул ўқув модули Ўзбекистон ёшлари ўртасида кино ва театр соҳасида таълим сифатини оширишга қаратилган.