28 сентябрга ўтар кечаси кучли портлаш содир бўлган Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги омборхонада ёнувчи моддалар бўлмаган. Бу ҳақда Interlogistics қўшма корхонасига қарашли Халқаро логистика маркази (United Cargo Center) «Газета.uz»га маълум қилди.

«Бизда портлаш хавфи бўлган нарсалар сақламаган. Портлашга нима сабаб бўлганини биз билмаймиз. Бизда учқун пайдо бўлишига олиб келадиган ёнувчан нарсалар йўқ эди», — деди мажмуа вакили.

Унинг сўзларига кўра, ёнғин содир бўлган биринчи омборхонадаги музлатгичда маргарин, кунгабоқар ёғи, майонез ва кетчуп сақланган.

Шунингдек, у портлашда омбор ходимларидан ҳеч бири жабрланмаганини таъкидлади.

Мажмуа ҳақида нималар маълум?

benif ltd, interlogistics, united cargo center, омборхонадаги портлаш, тошкент, халқаро логистика маркази

Сайтдаги маълумотларга кўра, логистика мажмуаси янги ташкил этилган Interlogistics МЧЖ ҚК корхонаси негизида, 2017 йил март ойида иш бошлаган. Объектга Халқаро логистика маркази — United Cargo Center номи берилган.

Мажмуа товарларни қабул қилиш, сақлаш, божхона расмийлаштируви ва жўнатиш бўйича хизматлар кўрсатади. Комплексдаги юклар ёпиқ омборда, шийпон омборида ёки очиқ майдонда, шунингдек, контейнерларда сақланиши мумкин.

Мажмуа ҳудудида божхона хизмати фаолият кўрсатади. Товарларни олиб кириш ва олиб чиқишда декларация ва божхона расмийлаштируви амалга оширилади. Тўлиқ ёки қисман божхона кўриги ўтказилади, юклар ИМ-70, ИМ-40 каби турли божхона режимларида расмийлаштирилади.

Мева ва сабзавотлар, гўшт, сут ва бошқа маълум ҳарорат шароитларини талаб қиладиган маҳсулотлар музлатгич ва музлатгич камералари бўлган омборларда сақланади.

Interlogistics компанияси 2016 йил 11 августда рўйхатга олинган. Асосий фаолият тури нотурар жойни ижарага бериш ва бошқариш бўлиб, устав капитали 48,9 млрд сўмни ташкил этади.

Раҳбар сифатида Фирдавс Саитдинов кўрсатилган бўлиб, муассислари Дубайнинг Integra Benefit Investments LLC (78,9 фоиз) корхонаси ва Benif LTD (21,1 фоиз) ҳисобланади.

Benif LTD 1995 йил сентябрь ойида рўйхатдан ўтган. У ҳам нотурар жойни ижарага бериш ва бошқариш билан шуғулланади, устав капитали — 3,7 млн доллар. Корхона раҳбари — Рустам Абдушукурович Пайзиев. Муассислар қаторида яна Integra Benefit Investments LLC (80,7 фоиз) ва Madad-Tijorat (19,3 фоиз) қайд этилган. Madad-Tijorat компаниясига Бахтиёр Илясович Иргашев ва Шоира Шамсутдиновна Иргашева эгалик қилади.