Давлат-хусусий шериклик асосида боғча ташкил қилиш учун ажратилган кредитларнинг имтиёзли муддати узайтирилди. Бу ҳақда 27 сентябрь куни президент қарори [ПҚ-316-сонли] қабул қилинди, дея хабар берди Адлия вазирлиги.

Ҳужжатга кўра, 2018−2022 йилларда давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат боғчалар очиш бўйч битимга мувофиқ, тадбиркорлар ўз хоҳишига кўра ажратилган имтиёзли кредитлар бўйича имтиёзли давр муддати 2024 йил 1 октябргача узайтириши мумкин.

Бунда:

  • имтиёзли давр давомида тадбиркорлар томонидан кредит бўйича фақат фоиз тўловлари амалга оширилади;
  • имтиёзли даврда тўланиши лозим бўлган асосий қарз бўйича тўловлар кредит даврининг қолган қисмига тенг миқдорда тақсимланади.

Давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун имтиёзли кредитлар лойиҳа ташаббускорларига қуйидаги табақалаштирилган фоиз ставкаларида ва шартларда ажратилади:

  • Тошкент шаҳрида — 10 йил муддатга, шу жумладан, 2 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 12 фоиз ставка бўйича;
  • Нукус шаҳри, вилоятлар марказлари ва вилоятга бўйсунувчи шаҳарларда — 10 йил муддатга, шу жумладан, 2 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 8 фоиз ставка бўйича;
  • туманларда — 10 йил муддатга, шу жумладан, 2 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 5 фоиз ставка бўйича.