Сергели туманидаги омборхонада содир бўлган портлаш сабабларини ўрганиш бўйича тузилган ҳукумат комиссияси раиси ўринбосари — Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Шавкат Умурзоқов ҳодиса оқибатида 592 та хонадонга зарар етганини маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳудуддаги 26 та кўп қаватли уйдаги 592 та хонадон ҳамда 8 та хизмат кўрсатиш шохобчаси, 1 та мактаб ва 2 та МТТ биноларининг фасад қисми ҳамда дераза-ромларига зарар етгани аниқланди.

Шунингдек, ҳудуддаги 24 та кўп қаватли уй ва 25 та ҳовлининг фасад, ойна-ром ва том қисми зарар кўрган. Қисқа муддатда турар жойлар тикланади, дейилади хабарда.

Пойтахт ҳокимлиги, шунингдек, жабрланган аҳолининг муаммоларини тезкор бартараф этиш мақсадида 1205 қисқа рақамли ишонч телефони ташкил этилганини эслатиб ўтди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, ўт ўчирувчилар ёнғинни 8 соат давомида ўчирган. ФВВ ва бошқа тегишли ташкилотлардан жами 210 та техника ва 2000 дан ортиқ шахсий таркиб жалб қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 28 сентябрь куни соат 02:43 да Тошкент шаҳри Сергели тумани Хонобод кўчаси 3-уй манзилида жойлашган Inter Logistics МЧЖга қарашли 18,4 гектар ер майдонда жойлашган омборхонада тахминан 10 000 кв. метр майдонда ёнғин келиб чиққан. Ёнғин сабаб омборхонада кучли портлаш содир бўлди.

Портлаш зарба тўлқини натижасида омборхона атрофида жойлашган бир нечта кўп қаватли уйларга, биноларга ҳамда транспорт воситаларига шикаст етган. 163 нафар фуқаро жароҳатланган.

Портлашда 2006 йилда туғилган вояга етмаган фуқаро олган жароҳати оқибатида вафот этгани маълум бўлди.

Маълумот учун, бош вазир ўринбосари Ачилбай Раматов бошчилигидаги ҳукумат комиссиясига уч кун муддатда Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги омборхонада содир бўлган портлаш сабабларини ўрганиш, талафотларни бартараф этиш ҳамда фуқароларга тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш вазифаси топширилган. «Газета.uz» комиссияга қандай вазифалар юклангани ҳақида батафсил ёзганди.