Ўзбекистонда 1−5 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган Европа кинофестивали арафасида Европа Иттифоқи Focus Кино ва театр мактаби билан ҳамкорликда EU-Focus Film Camp таълим лойиҳасини ишга туширди, дея хабар берди ЕИнинг Тошкентдаги делегацияси «Газета.uz»га.

Лойиҳа бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратиш, анимация, режиссёрлик, фотография, расм, мусиқа, кино тарихи, драма, театр, продюсерлик, кинематография, кино ижоди, адабиёт, жамоавий ишлаш, овоз муҳандислиги, журналистика, монтаж ва бошқа мавзулар бўйича дарсларни бирлаштиради.

Ўсмирлар учун ушбу бепул таълим модули Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилади. Лойиҳадан кўзланган мақсад ўзбекистонлик ёш авлоднинг кино ва театр соҳасидаги билимлари сифатини оширишдан иборат.

Бепул ўқув курси шу йилнинг ёзида ҳар кунлик режимда бошланган ва — кузда, дам олиш кунлари яна давом этади. Дастурда устахоналар, ўқув хоналари ва пленэрлардаги назарий машғулотлардан ташқари, фильмлар намойиши, маҳаллий ва хорижий мутахассислар билан учрашувлар, шунингдек, жойларда лаборатор тасвирга олиш амалиёти ҳам ўрин олган.

Гуруҳ таркибидан 2021−2023 йилларда якшанба кино мактаби дастурини ҳамда Focus кино ва театр мактабининг ёзги кинолагерини муваффақиятли тамомлаган 10 ёшдан 16 ёшгача бўлган ўсмирлар ўрин олди.

Дастурни муваффақиятли тамомлаган болалар лойиҳа тугаганидан кейин ҳам Focus кино ва театр мактабида ўқишларини бепул давом эттиришлари мумкин бўлади.

Таълим лойиҳасида иштирок этиш учун унинг расмий сайти орқали ариза топшириш мумкин.

Сўнгги йилларда Европа кинофестивали Ўзбекистоннинг етти вилоятини қамраб олди, 20 минг томошабин Европанинг 20 давлатидан 90 та фильмни томоша қилди. Шунингдек, у профессионал томошабинларни ҳам, кинематография оламига саёҳатини энди бошлаётганларни ҳам таълим дастурлари, маҳорат дарслари ва европалик мутахассислар билан учрашувлар форматида Европа Иттифоқи мамлакатлари кинематография санъати билан таништиришда давом этмоқда.

Хусусан, 2019 йилда латвиялик режиссёр ва ҳужжатли сценарист-документалист Дайнис Клява Тошкент ва Нукус шаҳарларида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабалари ҳамда Focus мактаби ўқувчилари учун ҳужжатли фильм бўйича бир қатор маҳорат дарсларини ўтказган эди.

Ушбу анъанани 2020 йилда давом эттирган ҳолда, EU-Focus ҳужжатли фильмлар лабораториясига 450 дан ортиқ аризалар келиб тушган, улардан 45 нафар иштирокчи сараланган ва 6 та ҳужжатли фильм тасвирга олинган. Лойиҳага мутахассислар — Польша ва Ўзбекистоннинг таниқли ҳужжатли фильм режиссёрлари жалб этилди. Жорий йил куз охирига EU-Focus Film Camp доирасида Европа кино саноати вакили билан яна бир учрашув режалаштирилган.