28 сентябрга ўтар кечаси Тошкент шаҳри Сергели туманидаги омборхонада кучли портлаш юз бериши ортидан шаҳар ва туман мутасаддилари воқеага жойига етиб борди. Олдинроқ портлаш оқибатида шикастланган уйлар эгаларига етказилган зарар қоплаб берилишини пойтахт ҳокими в.б. Шавкат Умурзоқов маълум қилганди.

Сергели тумани ҳокими Элбек Шукуровнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, тумандаги портлаш оқибатида зарар кўрган ҳар битта бино инвентаризациядан ўтказиб чиқилмоқда.

сергелидаги портлаш

Тошкент шаҳар ҳокими в.б. портлаш оқибатида зарар кўрган хонадонлар эгалари билан гаплашмоқда. Фото: «Газета.uz»

«Ҳозир хонадонма-хонадон юриб, қанча зарар етказилгани аниқланмоқда. Йўл бўйида жойлашган биринчи қатордаги асосий уйлардаги аксарият хонадонларга енгил ёки оғир даражада шикаст етган. Оғир даражада деганда, қайсидир уйларнинг ойнаси синган бўлса, қайсиларида ромига ҳам зарар етган».

сергелидаги портлаш

сергелидаги портлаш

Туман ҳокими портлаш бўлган омборхона «Inter Logistics» қўшма корхонасига тегишли эканини, ушбу омборхоналар 2005 йилдан бери фаолият олиб боришини қайд этди.

«Дастлаб сўралган маълумотларга кўра омборхоналар ижарага берилган. Тергов жараёнида у омборхоналар кимга ижарага берилгани, ичида нималар сақлангани бўйича батафсилроқ маълумот берилади. Умумий маълумот, 18 гектарга тўғри келадиган майдонда омборлардан бирида портлаш бўлган».

Элбек Шукуров портлаш оқибатида талафот кўрган аҳолига зарар давлат томонидан қоплаб берилишини таъкидлади.

«Аҳолининг зарари тўлиқ давлат томонидан қоплаб берилади. Ҳозирнинг ўзида ҳар битта домга алоҳида штаб қилиниб, штаб раҳбарлари сифатида ёрдамга бошқа туман ҳокимлари ҳам жалб қилинган. Улар ўзларининг жамоаси билан ҳар битта хонадонда қанча, неча квадрат метр ром кетгани, ойна сингани, люстра ва бошқа шунга ўхшаган жиҳозларга зарар етганига аниқлик киритилмоқда. Барчаси ҳисоб-китоб қилиниб, ҳозирнинг ўзида ромларни, ойналарни таъмирлаш ишларини қилгани бригадалар ишга тушади. Баъзиларида ишга тушган ҳолатлар ҳам бор. Аҳолига, уларнинг яшашига ноқулайлик яратмаган ҳолда тезроқ уста тушириб, тезроқ уларни амалга ошириб берамиз. Аҳолига ҳеч қанақа оғирлиги тушмайди, тўлиқ давлат томонидан қоплаб берилади», — деди туман ҳокими.

Ҳоким 1205 қисқа рақамли штаб ташкил этилганини эслатиб ўтди.

«Штабда мунтазам мутахассислар ўтирибди. Қолаверса, шу ерда жойлашган ҳар бир уйда ҳам штаблар қилиниб, подъездларига ҳам штаб рақамлари, маълумотлари қўйилган. Тошкент шаҳри ҳокими бошидан тўлиқ шу ердалар. Якунлангунча ҳам тўлиқ шу ерда бўладилар ўзлари», — дейди у. Марказий штаб қошида Тошкент шаҳрининг барча коммунал хизматлари, туман ҳокимлари бошчилигида штаблар, тиббиёт штаби, ички ишлар идораси томонидан ташкил қилинган штаб, ФВВ томонида ташкил қилинган штаблар фаолият юритмоқда.

Туман ҳокими жабрланганлар яқин ҳудуддаги шифохоналарга олиб борилаётганини таъкидлади.

Шунингдек, Элбек Шукуров уйида туриш имконияти бўлмаган аҳоли учун 10 та пункт ташкил қилинганини айтди. У ерда овқатланиш ва тиббий хизмат кўрсатишга мўлжалланган палаткалар ташкил қилинган.

«Одамлар шу ерда ҳам ўзларининг маълум бир эҳтиёжини чиқариши мумкин бўлади. Шу билан биргаликда, уларга уч маҳал овқат ташкил қилинган. Доимий равишда сув, чой билан таъминлаб бериб турилибди. Уларнинг кундалик ҳаётдаги эҳтиёжидан келиб чиққан барча нарсалар инобатга олинган. Шу билан биргаликда, шок ҳолатдагилар кун давомида ўзида қандайдир нохуш ҳолатларни ҳис қиладиган бўлса, улар учун ҳар бир домнинг тагида медпунктлар ҳам ташкил қилинган», — дейди туман ҳокими.

Шунингдек, ҳоким блогер ва фуқаролардан ижтимоий тармоқларда «ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон ахборот тарқатмасликларини, аҳолини саросимага келтирмасликларини» сўради.

«Ёлғон маълумотлар негизида аҳолида турли саросималар юзага келиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда, албатта. Сизларга тезкорлик учун раҳмат. Ижтимоий тармоқлар ана шундай расмий каналларга таянишини хоҳлардик. Сабаби эрталабдан турли ҳақиқатга яқин бўлмаган маълумот тарқалганининг гувоҳи бўлдим. Масалан, самолёт қулагани бўйича».

ССВ дастлабки маълумотларига кўра, омборхонада рўй берган портлаш оқибатида 163 киши жароҳатланган. Олдинроқ портлаш оқибатида 11-синф ўқувчиси вафот этгани ҳақида хабар берган эдик.