Тошкент шаҳар Сергели тумани «Қурувчилар» даҳасида жойлашган «Inter Logistics» компаниясига тегишли омборхонада 28 сентябрга ўтар кечаси соат 2:43 да кучли портлаш юз берди. Дастлабки маълумотларга кўра, портлаш оқибатида 163 киши жароҳат олган, улардан аҳволи ўртача оғир деб баҳоланган 24 нафари касалхонага ётқизилган; камида бир киши ҳалок бўлган.

Ҳодиса оқибатида омборхона атрофидаги иморатлар, турар жой биноларига зарар етган. Кўп қаватли уйлардаги аксарият хонадонларнинг дераза ромлари қўпорилиб, синиб кетган, айрим хонадонларнинг ички қисмига ҳам жиддий зарар етган. Расмийлар ҳодиса оқибатида зарар кўрган хонадонлар таъмирлаб берилишини таъкидламоқда.

Портлаш рўй берган вақтда мутлақ кўпчилик уйқуда эди. Ҳодиса оқибатида жабрланган сергелиликлар «Газета.uz» мухбирлари билан суҳбатларда биринчи таассуротлари, тунни қандай ўтказганликлари, қандай жабрланганликлари ва энди нима қилмоқчи эканликларига ҳақида қисқача гапириб берди.

сергели, сергелидаги портлаш, тошкент

3В-уйда яшовчи фуқаро

Ухлаб ётгандик, бирдан гумбурлаб кетди. Аввалига ер қимирлаяпти, деб ўйлагандик. Кейин қарасак, атроф чанг, ойналар синиб ётибди. Қўрқиб, пастга тушдик. Тўғримиздаги омборхона портлаб кетган экан. Бизнинг оилада жароҳатланганлар йўқ, лекин 6-қаватда битта ўлим бўлибди. 11-синф бола, ёнимиздаги 305-мактабда ўқирди.

Зоя Ҳожиева

Портлаш юз берган вақтда ухлаб ётгандик, портлашни эшитишимиз билан ташқарига отилиб чиқдик. Мана, 9А-уйдаги ҳамма хонадонларнинг дераза ромлари учиб кетди. Электрон котёллар бор-ку, ҳаммаси портлаб кетди. Ҳар бирига газ қувурига ўтгану, улар ҳам узилиб, газ сизиб чиқиб ётибди. Кўпчилик, айниқса кўплаб қариялар жабр кўрди, одамларни касалхоналарга олиб кетишди.

Неварамнинг синфдоши, 305-мактабнинг 11-синфида ўқийдиган йигит ҳалок бўлибди. Маҳалла қўмитасидагилар ҳам айтишди. Дафн маросими ҳам бугун бўлса керак, одамлар йиғилган, лекин ҳозирча рухсат беришмаяпти.

Бугун мактаб ҳам, боғча ҳам ёпилган, ҳеч нарса ишламаяпти. У ерларда ҳам ҳамма нарса — ойналар, эшиклар учиб кетган.

Вафот этган ўсмир ҳақида

Бир қўшни: «Уларнинг оиласи тўрт киши эди — дадаси, онаси, акаси ва ўзи. Адашмасам, онасининг боши ёрилибди. Соат 3 лардан ўтганда қўшнилар чиқишди, лифтда пастга олиб тушиб кетишди. Ўша вақтда „тез ёрдам“ йўқ эди, касалхонага ўзлари олиб кетишди».

Бошқа қўшни: «Машинада олиб кетаётгандик. Менинг қўлимда жони узилди. 11-синфда ўқирди. Пешинда жанозаси. Бу ердан эмас, Жанубий вокзал тарафда яшайдиган додасининг уйидан чиқаришаркан».

Феруза опа

Соат 3:00 лар атрофида уйғонгандим, ўша вақт портлаш бўлди. Бирдан пастга тушдик. Ўғлим кичкина болаларини олиб, қизим — ҳаммаси чиқиб кетди. Уларни ҳозирча овсинимникига жойлаштирдик. Ҳеч кимга ҳеч нарса қилгани йўқ, фақат шу дераза ромлари қўпорилиб тушди, шуларни жойига ўрнатиш керак, шунга тартибга келтиряпмиз.

Туман ҳокими ёрдамчиси келиб, бугун чиқиб кетаверинглар, уйда эркаклардан бир киши қолса бўлди, деразани қўйиб, ромларни тўғрилаб берамиз, деб кетди. Тўғрилаб берар. Уй тартибга келгунича қаерга ҳам борардик? Шу яқинда овсиним, қайнисингилларим туради, уларникига борамизда. Нарсаларимиз вақтинча қаерда тураркин, билмасам.

Болаларимиз ўқишга киргач шу ерга кўчиб келгандик. Уч йилдан бери шу ерда яшаймиз — авваллари ҳеч бунга ўхшаш нарса бўлмаганди. Жуда кутилмаганда бўлди. Ўзимиз соғ-саломатмиз, болаларимга ҳеч нарса бўлмаганига шукр!

сергели, сергелидаги портлаш, тошкент

21-уйда яшовчи аёл:

Уйқудан турсам ёнғин, юқоридан қандайдир олов тушгандай бўлди. Қарасак, дераза ромлари отилиб кетган; дераза токчасида гулларим бор эди, ўшалар тушиб кетган.

Ўғлим залда эди, унга ҳеч нима қилмабди. Бир фарзандим 10 ёш, бири 4 ойлик — Худога шукр, уларга ҳеч нима қилмади. Кейин кўчага чиқдик. Уйимиздан нарироқда турган машина ичида тонг оттирдик.

Уйда яшаса бўлади, фақат ромлари кўчиб кетган. Уйга киришга рухсат беришяпти.

34-уйда яшовчи аёл

Ҳамма ухлаб ётган вақт эди, бирдан гумбурлаб кетди. Шокка тушиб қолдик. 6-қаватда яшаймиз, уч болам, хўжайиним, мен — беш киши қандай қилиб бирпасда кўчага чиқиб қолганимизни ҳам билмаймиз. Уйга қарашга ҳам улгурмадик. Лифт бузилиб кетган эди, бир амаллаб зинада тушдик.

Қўрққанимиздан битта кийим билан чиқиб кетгандик, ярим кечаси чиқмаганмизми — болаларимиз совқотиб қолди. Тунни қўшни «дом»лардан бирида ўтказдик, лекин ҳозир кўчада турибмиз. Вақтинча яшашга жойимиз йўқ. Овқатланганимиз ҳам йўқ. Палаткада болалар билан бирга яшаш қийин.

86-уйда яшовчи эркак

Кучли силкинишдан уйғондик. Қарасак, портлаш бўлган экан.

Биринчи, болаларни кийинтириб, пастга олиб тушдик. Иккита болам бор. Фарзандларимдан бирининг пешонасига шиша синиғи кириб қолган, менинг қўлларим ва оёқларимга ҳам шиша синиғи кирган. Ҳозир фарзандимнинг аҳволи яхши.

[Масъуллар] ҳамма етказилган зарарни қоплаб берамиз, деяпти. Пастда штаб очдик, нима ёрдам керак бўлса, ҳаммасини амалга оширамиз, дейишди.

Вақтинча яшаш учун жой таклиф қилингани йўқ. Вазият озгина тинчиса, оиламни онамларнинг уйларига жойлаштириб, уйни озроқ таъмирлайман.

Собир Солиҳов

Портлаш бўлган вақтда телевизор кўриб ётгандим, ҳали ухламагандим. Аввалига омборхонага кириб чиқадиган машиналар бир-бири билан уришиб кетдими, деб ўйладим. Пардани очсам, юқорига қараб олов кўтарила бошлади.

Кейин уйдагиларни уйғотдим. Шу пайт ёнимга хотиним келган эди, портлаш тўлқини ромни учириб юбориб, иккаламизни ҳам йиқитиб ташлади. Менинг фақат юзим шикастланди, рафиқамга эса оғриқ қолдирувчи укол қилишди.

сергели, сергелидаги портлаш, тошкент

Улуғбек Исоқов, 9А-уйда яшайди

Соат 3:00 лар эди, ухлаётгандик. Ойна учиб келиб диванга урилди-да. Бир тарафи хотинимнинг елкасига теккан — ҳозир орқасини ололмай ётибди. Касалхонага олиб бордик, йиртилган жойларини тикишди. Болаларимизга зарар етгани йўқ. Фақат аёлим билан ўзим. Менинг қўлим жароҳатланди

Масъуллар келишди. Эшикларни алмаштириб берамиз дейишяпти. Эшиклар синиб, пардеворлар силжиб кетган. Ҳозир қаерда туришимизни аниқ билмаймиз. Ҳали (уйда) яшашга имкон бор-йўқлигини айтишмади. Уч кунда таъмирлаб берамиз дейишяпти. Шунгача яшаш учун жой суриштирамиз. Ҳозирча аниқ эмас. Қариндош-уруғ, ошна-оғайнилар бор, телефонлашиб ўтамиз.

Манзура Шерматова, «Ҳабибий» маҳалла фуқаролар йиғини фаоли

Маҳаллаларнинг хотин-қизлар фаолларидан иборат ишчи гуруҳ аъзосиман. Эрталаб йиғилиб, шу ерга келдик, бирма-бир хонадонларни ўрганишни бошладик, талофат кўрганларнинг сони ёзиб олиняпти. Ишчи гуруҳ томонидан ҳар бир хонадонга ёрдам бериляпти. Аҳвол тасаввур қилганимдан анча оғир экан.

Масалан, бир жойда ойна кесилиб, зарб билан отилиб, боланинг қулоғини кесиб юборган — қулоқ осилиб қолган, аҳволи ёмон. Ойна бўлаги кимнингдир томирини кесиб юборган. Бир хонадонда эр-хотиннинг юзига шиша тушиб — аёл ҳомиладор экан — юзлари жуда ёмон кесилиб кетган. Жуда ҳам оғир ҳолат.

Тўплаган маълумотларимизни, ким қандай зарар кўргани ҳақидаги ахборотни ҳокимликка тақдим этамиз. Моддий ва маънавий ёрдам бўлади, Худо хоҳласа. Хонадони жиддий зарарлангани учун яшаш имконияти йўқлар бир-икки кун қариндошлариникида яшаб туришади, уларнинг уйлари икки кун ичида таъмирлаб берилади, Худо хоҳласа.