Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги омборхонада юз берган портлаш оқибатида бир нечта янги, импорт қилинган автомобилларга зарар етди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбирлари.

Омборда BYD электромобилларини сақлайдиган UzAuto Motors компанияси «Газета.uz»га бу маълумотни тасдиқлади.

united cargo center, uzauto motors, сергелидаги портлаш

Inter logistics қўшма корхонасига қарашли Халқаро логистика маркази (United Cargo Center)да жами 100 дан ортиқ янги импорт қилинган автомобиллар сақланади.

Мажмуа терминалнинг очиқ майдонида, шийпон остидаги майдонда енгил автомобилларни сақлаш, шунингдек, махсус техника ва йирик ҳажмдаги юкларни сақлаш хизматларини кўрсатади.

united cargo center, uzauto motors, сергелидаги портлаш

UzAuto Motors айрим автомобиллар, шунингдек, BYD электромобиллари шикастланганини маълум қилди. Зарар кўрган автомобилларнинг аниқ сони ва етказилган зарар миқдорига аниқлик киритилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон Божхона қўмитаси матбуот хизмати ходими Ҳусан Тангриев ёнғин содир бўлган омбор божхона органларининг бино ва иншоотлари сирасига кирмаслигини маълум қилганди. Бироқ мажмуанинг бир қисми божхона омбори мақомига эга.

«Божхона омбори — тадбиркорлик субъектларининг лицензияланадиган фаолият турига киради. Бунда омбор эгаси — тадбиркорлик суъбекти бошқа тадбиркорларнинг Ўзбекистонга олиб келинган товарларини, содда қилиб айтганда, ҳали „растаможка“ қилинмаган товарларни ўзаро келишув асосида божхона расмийлаштируви якунлангунига қадар сақлаб туради», — деб тушунтирди у.

«Дунё амалиётида, жаҳон тажрибасида бу каби омборлар божхона омбори деб юритилади. Ҳозирда республикамизда тегишли лицензияга эга 400 га яқин божхона омборлари фаолият юритмоқда», — деди Ҳусан Тангриев.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги портлаш оқибатида жами 163 киши жабрлангани маълум қилди ва бир нафар ўсмир ҳалок бўлганини тасдиқлади. Президент топшириғига кўра, бош вазир ўринбосари Очилбай Раматов бошчилигида Ҳукумат комиссияси тузилди.

«Газета.uz» аввалроқ United Cargo Center мажмуаси ҳақида маълумот берганди.