Февралда «Потребитель Бухара» Telegram-каналида Бухоро шаҳарида икки уй орасида кўп қаватли уй-жой қурилиши белгиланган жойда 16 туп дарахт ҳамда буталарни кесгани ҳақида хабар берилганди. Шундан сўнг шаҳар экология бошқармаси вазиятни ўрганиб, натижа ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, ҳаракат Бухоро шаҳар Придастгир кўчаси 3/7-уй ва Алпомиш кўчаси 14-уй орасида кўп қаватли уй-жой қурилиши белгиланган ҳудудда фуқаро Қ.Қ томонидан содир этилган. Ҳуқуқбузарликка жиноят аломатлари мавжудлиги учун Бухоро шаҳар Прокуратурасига ҳужжатлар тақдим этилган.

Унга кўра, фуқаро Қ.Қ га нисбатан содир этган ҳуқуқбузарлиги учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми (Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) билан 1 350 000 сўм жарима ҳамда табиатга етказилган зарар 259 млн сўм ҳисобланиб, ҳужжатлар судга тақдим этилди.