2024 йилнинг январь-март ойларида 1 млн 519,3 минг нафар чет эл фуқароси туристик мақсадларда Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу ҳақда Статистика агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда, 31,7 минг нафарга ёки 2,1 фоизга юқори.

Йилнинг дастлабки 3 ойида энг кўп Тожикистон (536,5 минг), Қирғизистон (442 минг) ва Қозоғистон (262,6 минг)дан сайёҳлар ташриф буюрди.

Шунингдек, мамлакатга Россиядан 134,2 минг, Туркманистондан 31 минг, Туркиядан 21,5 минг, Ҳиндистондан 11,6 минг, Хитойдан 10 минг, Жанубий Кореядан 7,6 минг, Германиядан эса 3,8 минг турист келди.

Бошқа давлатлар ҳиссасига 58,5 минг нафар сайёҳ тўғри келади.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Ўзбекистонга 6,5 млн нафардан ортиқ чет эл фуқароси туристик мақсадларда келган.