Иқтисодий тенгсизликнинг кучайиши Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш суръатини секинлаштирди, бу эса хавотир уйғотади, дейилади Жаҳон банки иқтисодчиларининг блогида.

Ўзбекистонда камбағаллик даражаси даромади ўртадан юқори бўлган мамлакатлар учун халқаро камбағаллик чегараси бўйича (кунига 6,85 доллардан кам) 2015 йилдаги 36 фоиздан 2022 йилда 17 фоизгача кескин пасайди, айни вақтда пасайиш суръатлари бу кўрсаткич шу даврда 13 фоиздан 8 фоизгача тушган Европа ва Марказий Осиё мамлакатларидагига нисбатан тезроқ бўлди.

Халқаро стандартлар бўйича Ўзбекистон 2015 йилдан буён камбағаллик даражасини 2 баробарга қисқартирди. Манба: «Камбағаллик ва тенгсизлик платформаси», Жаҳон банки.Халқаро стандартлар бўйича Ўзбекистон 2015 йилдан буён камбағаллик даражасини 2 баробарга қисқартирди. Манба: «Камбағаллик ва тенгсизлик платформаси», Жаҳон банки.

Ўзбекистонда, 2021 йилда тасдиқланган миллий фаровонлик стандартига кўра, 2023 йил охирига келиб камбағаллик даражаси 17 фоиздан 11 фоизгача пасайди. Шу билан бирга, қишлоқ жойларда камбағалликнинг қисқариши сезиларли даражада бўлиб, 8 фоиз пунктни ташкил этди ва шаҳарлардагига нисбатан тезроқ юқоририқ темпда кечди (4 фоиз пункти).

Жаҳон банки маълумотларига кўра, бу шу даврда қарийб 1,6 млн киши камбағалликдан чиққанини англатади. Ташкилот кутилмаларига кўра, шу суръатларда Ўзбекистон ҳукумати 2021−2026 йиллар оралиғида камбағалликни икки баравар қисқартириш мақсадига эриша олади.

Ўзбекистон 2026 йилгача миллий стандартлар бўйича камбағалликни икки баравар қисқартирмоқчи.Ўзбекистон 2026 йилгача миллий стандартлар бўйича камбағалликни икки баравар қисқартирмоқчи.

Камбағаллик қисқарганининг асосий омили сифатида уй хўжаликлари даромадларининг ўсиши қайд этилган бўлиб, бу асосан (60 фоиз) иш ҳақининг ошиши ҳисобига юз берган. Кейинги муҳим омил — аҳолининг айрим гуруҳларини қўллаб-қувватлашнинг асосий дастурларини модернизация қилиш ва кенгайтириш ҳисобига ижтимоий тўловлар бўлди. Блогда қайд этилишича, пенсия таъминотидаги яхшиланиш уй хўжаликлари оладиган турли ижтимоий тўловлар орасида энг катта ижобий таъсирни кўрсатган.

Тенгсизликнинг кучайиши хавотир уйғотади

Сўнгги йилларда ўсиб бораётган тенгсизлик камбағалликни қисқартириш суръатини секинлаштирди.Сўнгги йилларда ўсиб бораётган тенгсизлик камбағалликни қисқартириш суръатини секинлаштирди.

Жаҳон банкининг худди шу даврда тенгсизлик ортиб боришининг параллель тенденцияси кузатилмаганида, камбағалликни қисқартириш кўлами янада каттароқ бўлиши мумкин эди деб ҳисобламоқда. Хусусан, даромадларнинг ўсишидан аҳолининг бойроқ қатламлари кўпроқ манфаат кўрди.

Масалан, 2022−2023 йилларда аҳолининг энг камбағал 10 фоизининг даромадлари 6 фоизга ошди. Бироқ аҳолининг энг бадавлат 10 фоизининг даромадлари 30 фоиздан кўпроқ, яъни 5 баробар тезроқ ўсди. Даромадлар тенгсизлигининг статистик кўрсаткичи бўлган Жини коэффициенти 2022 йилдаги 0,31 дан 2023 йилда 0,35 гача кўтарилди.

Блог муаллифлари агар тенгсизликнинг ўсиши кузатилмаганида, камбағаллик белгиланган даврда 3,1 фоиз пунктга камайиш ўрнига 5,5 фоиз пунктга қисқариши мумкин эди, дея қайд этган.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда камбағалликни қисқартиришнинг юқори суръатларини сақлаб қолиш учун ҳукуматдан кам таъминланган уй хўжаликлари маҳсулдорлигини ошириш бўйича қўшимча ҳаракатлар талаб этилади. Маълумотлар камбағал уй хўжаликлари бир қатор ноқулай шароитлардан азият чекаётганини кўрсатмоқда.

«Уларнинг иш билан таъминланиш эҳтимоли камроқ, маълумот даражаси паст бўлиши эҳтимоли эса юқорироқ ва қарамоғидагилар сони кўпроқ. Уй хўжаликлари ўртасидаги бу кўрсаткичлардаги тафовутларни камайтириш Ўзбекистонда ўсиб бораётган тенгсизликни чеклаш ва камбағалликни янада камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларда муҳим аҳамиятга эга бўлади», — дея қайд этди Жаҳон банки.