Венгрия Ўзбекистоннинг атом энергетикаси бўйича мутахассисларини тайёрлашни бошлади, деди 7 май куни Тошкентга ташрифи чоғида ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сиярто.

«Ўзбекистон 2030 йилгача электр энергиясига бўлган талаб икки баравар ошишини ҳисобга олиб, АЭС қуришга ҳозирлик кўрмоқда. Биз венгерлар ҳам худди шундай қиляпмиз, Пакшда иккита янги энергоблок қуришга ҳозирданоқ тайёргарлик кўрилмоқда, атом энергетикаси соҳасида бир неча ўн йиллик тажрибамиз борлиги сабабли биз Венгрияда ўзбек атом энергетикаси бўйича бўлажак мутахассисларни тайёрлашни аллақачон бошлаганмиз», — деб ёзди у Facebook саҳифасида.

Унинг сўзларига кўра, томонлар агар Ўзбекистон «Росатом» билан АЭС қуриш бўйича шартнома имзоласа, Венгрия совутиш технологиясидан фойдаланишга келишиб олган.

«Бу 100 миллион доллардан ортиқ шартнома бўлади ва Венгрия тарихидаги энг муҳим энергия экспортларидан бирига айланади», — деди вазир.

7 май куни Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Венгрия ҳукуматлараро комиссиясининг тўққизинчи мажлиси доирасида ўзбек-венгер бизнес форуми бўлиб ўтганди. Тадбирда 200 дан ортиқ ишбилармон доиралар вакиллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, экспертлар иштирок этган.

Венгрия ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш 2010 йилдан буён 86 фоизга ўсди ва ўтган йили 100 миллион доллардан ошди. Ўзбекистонга Венгриянинг 29 компанияси раҳбарлари ҳам ташриф буюрди. Венгрия фармацевтика заводини қуришга тайёргарлик кўрилмоқда, Ўзбекистон озиқ-овқат саноатига ҳам сармоя киритилиши кутилмоқда. OTP Bank`нинг Ўзбекистон бозорига кириши ҳам янги имкониятлар яратмоқда ва Ўзбекистон ҳукумати Венгрия бизнеси учун алоҳида зона ажратмоқда, дея таъкидлади Петер Сийярто.

Питер Сийярто инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов билан.Питер Сийярто инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов билан.

30 июндан бошлаб Тошкент ва Будапешт ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар тикланади. Бундан ташқари, 2023 йил август ойида томонлар қўшма жамғарма тузишга келишиб олганди. Венгрия ташқи ишлар вазири жорий ташрифи чоғида жамғарма ҳажмини 50 миллион евродан 150 миллион еврогача оширишга тайёрлигини маълум қилди.

Ўзбекистон ва Венгрия 2020 йил июль ойида йирик иссиқлик станцияларида, жумладан, Венгриянинг Eniox компанияси томонидан фойдаланиладиган АЭСларда айланма сувни совутиш учун «қуруқ» технологиядан фойдаланишни муҳокама қилганди. Венгрия томони ушбу лойиҳада Eniox иштирокида «Венгрия Эксимбанки»ни 130 миллион евро миқдорида молиялаштиришга тайёрлигини билдирган.

«Пакс» атом электр станцияси Венгрияда 1982 йилдан бери ишлайди. 2032 йилдан бошлаб унинг энергия блокларини режалаштирилган тўхтатиш бошланади. Ҳозир Венгрияда ВВЭР-1200 реакторлари асосидаги иккита энергоблокли «3+» авлод русумидаги «Пакш-2» АЭСни қуриш лойиҳаси старт олди. Унинг қурилиши 2024 йилда бошланади.

«Ўзатом» агентлиги раҳбари Азим Ахмедхаджаев май ойи бошида Россия билан Ўзбекистонда АЭС қуриш бўйича музокаралар ҳақида гапирган эди. «Фақат гаплашяпмиз, умумий гаплар бўляпти. Ҳали ҳеч нарса аниқ эмас», — деганди у ва томонлар ҳамкорликнинг турли йўналишларини муҳокама қилаётганини таъкидлаганди.